Рус олими, педагог Г.П.Владимиров луғатида коррупцияга шундай таъриф берилган: “Коррупция – мансабдор шахслар ва сиёсатчиларнинг маънавий таназзулга учраши бўлиб, у ноқонуний бойиш, пора олиш, ўзлаштириш ва мафия тузилмалари билан бирлашишда ифодаланган.”
Ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик, товламачиликда намоён бўладиган коррупциянинг оқибатлари оғир ва жамият учун зарарли бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам миллат заволига қарши курашиш ҳар бир мансабдор шахс билан бир қаторда ҳар бир фуқаронинг беминнат бурчи ҳисобланиши лозим, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш лозим.
Айнан шу мақсадда Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам тизимли равишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тизимда божхона ходимларининг ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши, коррупция иллатига қўл урмаслиги бўйича доимий равишда тарғибот ишлари, профилактик учрашувлар, маърузалар ўтказилиши йўлга қўйилган. Жорий йил бошидан бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими томонидан ўтказилган 6 та учрашувлар, 8 нафар ходим билан индивидуал профилактика суҳбатлар ва ходимларнинг яқин қариндошлари иштирокидаги 3 та йиғилишлар ҳам айнан тизим ходимлари онгида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва пок, виждонан амалга оширишлари тарғиботи йўлида амалга оширилди.
Эслатиб ўтиш жоизки, барча жисмоний ҳамда юридик шахслар, божхона соҳасига оид саволлари ҳамда мурожаатларни Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ёки Навоий вилояти божхона бошқамасидаги (79) 223-08-65 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб йўллашлари мумкин.
26.04.2021