Унда транспорт корхоналари масъул ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, божхона брокерлик фирмалари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилоятидаги ваколатли офиси раҳбари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва божхона ходимлари иштирок этди.
Тадбирда божхона органларига юклатилган вазифалар, хусусан, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг қулайликлари ва афзалликлари ҳамда божхона режимига жойлаштириш тартиб-таомиллари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланган ва бу борада, иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилиши, шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими”да саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлиги аниқ кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони билан тасдиқланган концепция ва “йўл харитасида” ҳам “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими талабларини қайта кўриб чиқишга оид вазифалар мавжуд.
Унга кўра, қайта ишлаш бўйича операциялар рўйхатини кенгайтириш, қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилишини назарда тутувчи амалиётни жорий этиш, хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаганда қайта ишлаш операцияларини амалга оширишга рухсат бериш ва қайта ишлаш мақсадида олиб кирилаётган чет эл товарларига нисбатан божхона тўловлари тўланишини таъминлаш амалиётини жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш белгиланган.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган барча масалалар юзасидан фикр алмашилди, саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Шундан сўнг, семинар иштирокчилари Қарши вагон депоси ташкилотига жалб этилиб, корхона томонидан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими бўйича амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича таништирилди.
26.04.2021