Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
3000 қутига яқин тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
1073
Айрим кимсалар қонун талабларига бўйсунмасдан, ҳеч қандай ҳужжатлари ва акциз маркалари мавжуд бўлмаган тамаки маҳсулотларини сотишга уринишмоқда. Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ана шундай ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди.
3000 қутига яқин тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Олинган тезкор маълумотлар асосида Зомин туман ҳудудида яшовчи фуқаро Э.Ҳ.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, уй ичида ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан маркаланмаган, умумий қиймати 12 миллион 660 минг сўмлик, жами 844 қути тамаки маҳсулотлари борлиги ва фуқаро уларни сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Шунга ўхшаш навбатдаги тезкор тадбир эса Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари билан ўзаро ҳамкорликда Гулистон туманида ўтказилди. Ушбу туман ҳудудида яшовчи фуқаро Т.О.нинг хонадони кўздан кечирилганда ва бу ерда ҳам тегишли ҳужжатлари ҳамда акциз маркалари мавжуд бўлмаган, жами 1560 қути, умумий қиймати 23 миллион 400 минг сўмлик тамаки маҳсулотлари сотиш мақсадида сақланиб келинганлиги маълум бўлди.

Гулистон туманидаги шубҳа остига олинган яна бир хонадон божхона ходимлари ва ҳолислар иштирокида кўздан кечирилди. Буни қарангки, шубҳалар асосли бўлиб чиқди. Яъни фуқаро Т.Д.нинг хонадонида ҳам хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган, акциз маркалари билан маркаланмаган, жами 500 қути, умумий қиймати эса 7,5 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари қайта сотиш мақсадида сақлаб келинаётганлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

26.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг