Давлатимиз раҳбари вилоятнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш учун 5 та драйвер соҳани кўрсатиб ўтди. Булар – саноат, транспорт логистикаси, йирик индустриал иссиқхоналар, хизмат кўрсатиш ва туризм. Ушбу соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар айтиб ўтилиб, масъуллар белгиланди.
2021-2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 триллион 415 миллиард сўмлик 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилгани таъкидланди.
Президентимиз Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш, вилоятнинг барча ҳудудларида ушбу иқтисодий зонанинг филиалларини ташкил этиш бўйича кўрсатма бердилар. Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компания тузиладиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, хорижга тайёр маҳсулотлар экспортини амалга ошириш жараёнида божхона органлари тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериб келишмоқда.
Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят божхона бошқармаси томонидан хориждан импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 642,11 млрд. сўм божхона тўловлари ҳисобланган бўлса, шундан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 227,95 млрд. сўм ёки ҳисобланган божхона тўловларининг 35,5 фоизи миқдорида имтиёзлар қўлланилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорларга 2021 йилнинг январь-февраль ойлари давомида жами 25 та ҳолатда 64,92 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айлануви жорий йилнинг январь-март ойида 326,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Қувонарлиси шундаги коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирига қарамай, вилоятнинг экспорт кўрсаткичлари тобора ошиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Хусусан, 2020 йилнинг шу даврида 78,68 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар хориж бозорига йўл олган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 18,49 млн. АҚШ долларига ёки - 23,5 %га кўпайиб, 97,17 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
2021 йил январь-март ойларида жами 11 530 та электрон шаклда БЮД расмийлаштирилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 128 та га ёки 9,8%га кўп БЮД расмийлаштирилган.
Жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан 10 млн. АҚШ долларлик асбоб-ускуналар олиб кирилиб, “эркин муомалага чиқариш” (импорт) божхона режимига расмийлаштирилган ва божхона тўловларидан 18,2 млрд. сўм имтиёзлар қўлланилган.
Жорий йилнинг 31 март куни ҳолатига Хавфни бошқариш тизими орқали жами 11904 та БЮДлар тегишли “яшил”, “сариқ”, “қизил” йўлакларга йўлакларга тақсимланиб, уларнинг қисқа вақт мобайнида расмийлаштирилишига эришилмоқда.
Шунингдек, ўтган давр давомида вилоят божхона бошқармаси томонидан жами 174 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 8 млрд. 339,2 млн. сўмлик товарлар ушлаб қолинган, уларга 21 млрд. 261 млн. сўм божхона тўловлари ҳисобланган.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари билан мунтазам мулоқот ўрнатилиб, вилоятнинг турли ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг божхона соҳасига доир мурожаатлари ўрганилиб, уларни ижобий ҳал қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Учрашувлар давомида тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасига оид меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда давлатимиз томонидан экспортёрларга яратилган қулайликлар тўғрисида батафсил ахборотлар берилмоқда.
26.04.2021