Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хизмат итлари – яқин кўмакчимиз
1855
Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази махсус хизмат итларини тарбиялаб ҳудудий божхона бошқармаларига йўналтириб келмоқда. Мазкур хизмат итлари орқали эса мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилаётган товар моддий бойликлар, транзит юклари божхона назорати кўригидан ўтказишда муҳим ўрин тутади.
Хизмат итлари – яқин кўмакчимиз

Шунингдек,  чегарада, вокзал ва станцияларда,   аэропортларда махсус ўргатилган итлар ёрдамида жиноятчи ва қонунбузарлар аниқланади. Бухоро вилояти божхона бошқармасида кинология хизмати фаолиятдаги самарадорликда алоҳида ўрин тутиб келмоқда.  Ҳозирги кунда вилоят божхона бошқармаси кинология хизматида немис овчаркаси, белгия овчаркаси, рус спаниели,  лабрадор каби зотдор хизмат итлари мавжуд бўлиб, ҳар бир хизмат ити махсус йўналишга ихтисослаштирилган. Шундан 6 та хизмат ити “гиёҳванд моддаларни қидириш”га, 2 таси валюта йўналиши ва 1 таси тамаки маҳсулотларини қидириш йўналиши ҳамда 2 та хизмат ити “қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириш” йўналиши бўйича тайёрланган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки,  жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят божхона бошқармасининг кинологлари томонидан хизмат итлари ёрдамида 1625 гр. “марихуана”, 98 гр. “опий” ва 37 гр. “кўкнор хашаги экстракти”нинг ноқонуний ҳаракати билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, олди олинган.   Бунда эса ҳар бир кинолог мутахассисларнинг махсус хизмат итлари билан доимий машғулотлар олиб боришлари муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, кинология хизматида махсус хизмат итлари доимий тарзда ветеринар мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилади. Махсус лабораторияларда уларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, итларда учрайдиган касалликлар олдини олиш бўйича  тегишли тарзда даволаш профилактика тадбирлари амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги Қарори асосида Ўзбекистон Республикасининг резидент ва норезидентларига хизматга яроқсиз бўлган итларни белгиланган тартибда сотиш ҳамда шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг итларини умумий машқ курси ва ҳимоя-қоровул хизмати талабларига мувофиқ тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатиш йўлга қўйиб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар фуқароларнинг итлари ҳам умумий машқ курси кўникмаларига ўргатилмоқда. Бундан тушадиган маблағлар Марказнинг ривожлантириш фондига ўтказилиши йўлга қўйилган.

22.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг