Тизимдаги мазкур ўзгаришларни Сурхондарё вилояти прокуратурасида бўлиб ўтган семинар анжуманида иштирокчиларга етказиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи Хуршид Қўзиболаев маъруза билан иштирок этди.
Дастлаб Х.Қўзиболаев божхона тартиботларидаги соддалаштиришларни айримларини келтириб ўтди. Хусусан:
- божхона ишига тегишли ўндан ортиқ рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилиниши.
- товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида юк ташувчилар томонидан божхона органларини олдиндан хабардор этиш тартиби;
- жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишининг тартиботлари;
- халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг янги механизмлари;
- импорт қилинадиган товарларни дастлабки ва даврий декларациялашнинг янги тартиблари;
- хорижий авто ташувчиларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ТИР Карнет китобчаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- божхона органлари фаолиятига ахборот-коммуникациятехнологияларини кенг жорий этиш ва ривожлантириш йўлида “Авиа”, “Электрон тижорат”, “Транспорт воситаларини сканерлаш натижаларини электрон қайд этиш” ААТ тизимлари ҳамда “Божхона кўриги далолатномаси”ААТнинг янги версияси ва мобил талқини жорий этилиши.
Шунингдек, чегара божхона постлари ҳудудига яқин жойларда замонавий божхона терминалларининг қурилиши чегара ўтказиш пунктлари ҳудуди атрофида инфраструктуранинг ривожланишига, автотранспорт воситалари тирбандликларининг олди олинишига, Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган товарлар устидан назорат механизмларининг оптималлашишига хизмат қилиши ҳам таъкидланди.
Қайд этиб ўтилган барча амалий ишлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кенг қулайликлар яратиш билан бир қаторда, соҳани янада тартибга солиш йўлида улкан тажриба ва давлат божхона хизмати органлари томонидан келгусида амалда бажарилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Семинар сўнгида иштирокчилар божхона соҳасига оид ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олдилар.
20.04.2021