Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар учун ўқув-семинар ташкил этилди
3688
Божхона соҳасида янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш ва уларнинг фаолиятидаги муаммоларини ўрганиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ҳамкорлигида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбиркорлар учун ўқув-семинар ташкил этилди

Унда Давлат божхона қўмитасининг Божхона маъмурчилигида илғор ва инновацион усулларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Фарход Олимжонов ҳамда Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниевлар йиғилганларга божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда ҳозирги кунда тадбиркорлар учун яратилган енгиллик ва қулайликлар тўғрисида атрофлича тушунчалар бериб ўтишди.  

Маълумки шу вақтга қадар «Қоғозсиз ва электрон божхона» контрабанда, контрафакт маҳсулотларни олиб ўтиш, коррупция, ноқонуний валюта операциялари ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга самарали қарши курашиш усулларини қўллаш имконини берди.

Энди эса «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми бўлган «рақамли божхона» тамойилини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу энг аввало, божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишда муҳим рол ўйнамоқда.

Масалан, Ўзбекистоннинг 2020 йилда икки муҳим халқаро ҳужжат - Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги Киото конвенциясига (2006 йил 3 февраль) ёки “Вақтинча олиб кириш тўғрисида”ги Истамбул Конвенцияга қўшилиши ҳам фикримиз тасдиғидир.

Божхона соҳасида сўнгги беш йилликнинг муҳим янгилиги - божхона органлари фаолиятига “Хавфларни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилгани бўлди. Шу вақтга қадар божхонада товар ва транспорт воситалари ялпи божхона назоратидан ўтказилган бўлса, эндиликда мазкур тартиб бекор қилиниб, ушбу тизим кўмагида танлаб текшириш тамойили йўлга қўйилди. Содда қилиб айтганда, “яшил”, “сариқ”, “қизил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилди.

Тизим фаолиятига назар солсак, ҳозирга қадар экспортда – 83,3 %, импортда– 60,9 % юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Кўриклар сони 1,2 мартага камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ортди. Вақт сарфи экспортда – 1,7 ва импортда – 1,4 бараварга қисқарди.

Божхона соҳасида илк бор ваколатли иқтисодий операторлар институти амалиётга тадбиқ қилинди. Бу эса ҳалол, қонунга итоаткор ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга, қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида амалий ўқув-семинарда асосий эътибор ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси божхона тартиб-таомилларини амалга ошириш жараёнида қандай тўсиқларга дуч келаётгани юзасидан энг аввало уларнинг ўзларидан эшитишга ва муаммоларни жойида ҳал қилишга қаратилди.

Жумладан, товарларнинг ТИФ ТН кодларини тўғри таснифлаш, божхона қийматини тўғри белгилаш, божхонага доир ахборот тизимларидан тўғри фойдаланиш каби масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбиркорларга “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидаги янгиликлар, тизимдан фойдаланиш тартиблари, янги жорий этилган интерактив хизматларнинг қулайликлари, соҳада янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан кўргазмали тақдимотлар қилинди.

2020 йил 1 январдан ишга туширилган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими 6 та органнинг 17 та сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларини олиш учун онлайн электрон мурожаат этиш ва ҳужжатларни рақамли форматда олиш имконини бермоқда. Жорий йилда эса яна 2 та назорат қилувчи идоралар тизимга интеграция қилинади ва умумий ҳисобда 39 турдаги рухсатнома ҳужжатларини олиш мумкин бўлади.

Рақамларга кўра, тизим жорий қилинганидан буён ҳозирга қадар  унда 34,4 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчилари рўйхатдан ўтган ва ваколатли давлат органлари томонидан 700 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бу эса табиийки тадбиркорларнинг вақти, харажатлари ва тонналаб қоғознинг тежалишига хизмат қилмоқда.

Маърузалардан сўнг ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан савол-жавоблар ҳам қизғин тарзда кечди.

 

20.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг