Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
2167
Президентимизнинг жорий йил 11 сентябрда “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3939 сонли Қарорининг қабул қилиниши ҳудудларда тадбиркорлик ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қарорга мувофиқ тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда ҳудудий гуруҳлар ҳам ташкил этилган.
Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларида ҳам ушбу қарор ижроси доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида бўлиб, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.

Тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда уларнинг аксарият муаммолари маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари ва мутасадди идоралар масъул ходимлари иштирокида ўрганиб чиқилиб, жойида ижобий ҳал этилди.

Жумладан, Наманган вилоятининг Чортоқ туманида фаолият юритувчи “Чортоқ фидани” фермер хўжалиги раҳбарининг Ўзбекистон Республикасига хориждан чорва молларини олиб киришда чегара божхона постларида расмийлаштириш жараёнларини имкон қадар тезлаштириш лозимлигини сўраб мурожаат қилди. Фермернинг ушбу мурожаати жойида ўз ечимини топди.  

Бундан ташқари “Султонбек-Сабрина боғлари” фермер хўжалиги вакилининг Россия Федерациясидан наслли қора молларни олиб келишда божхона тўловларидан имтиёзлар олиш бўйича мурожаати ҳам тингланди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги “2016-2020 йиллар давомида қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2460-сон қарори ҳамда Вазирлар Махкамасининг 2016 йил 12 апрелдаги 110-сон қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, “Меррймед Фарм” МЧЖ вакилларининг ҳам Дори-дармонларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган субстанциялар Сертификатлаштириш муддатлари узоқлиги сабабли божхона омборида 6 ойдан кўп муддатда сақланаётган товарларга имтиёзлар қўллаш юзасидан қилган мурожаати ўрганилиб, дори воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашёларга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан ҚҚСдан озод этилганлиги тушунтирилиб мурожаати ижобий ҳал этилди.

Баъзи бир ўрганиб чиқилиши лозим бўлган муаммолар эса вилоят ишчи гуруҳининг соҳавий масъул вакилларига тақдим этилди.

Хусусан, “Наманган порлоқ таъмирлаш сервис” МЧЖ вакилининг Қозоғистон Республикасига махсулотларни экспорт қилишида ушбу давлатда божхона ставкалари юқори белгиланиши натижасида бўлаётган муаммо ва қийинчиликлар юзасидан ҳамда “Мамдадкор страус фарм” МЧЖ вакили Беларусия давлатидан туяқуш олиб кириш учун божхона тўловлари бўйича имтиёз олиш юзасидан қилган мурожаатлари тингланиб, мазкур масалаларни ҳал этиш Божхона органлари ваколатига кирмаслиги сабабли тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар берилиши тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Қолаверса, тадбиркорликни янада ривожлантиришда божхона органлари билан боғлиқ яна бирор бир тушунмовчилик ёки муаммолар юзага келганда Давлат божхона қўмитасининг “Ишонч телефон” рақамларига мурожаат қилишлари лозимлиги ҳам айтиб ўтилди.

Айтиш керак, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ишлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун тобора қулай муҳит яратилиб бераётганлигидан далолатдир. Қолаверса, ҳудудларда ташкил этилган мазкур ишчи гуруҳлар фаолияти яқин келажакда ўзининг ижобий самарасини бериши турган гап.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

5.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг