Юртимизда инвестиция сиёсатини тубдан такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш, уни амалга ошириш юзасидан замонавий, самарали ёндашув ва механизмларни жорий этиш, шунингдек, инвестиция жараёнларини жадаллаштириш ва умуман ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани келажакка соғлом нигоҳ билан боқишга имкон бермоқда.
Инвестициялар киритиш орқали вилоятдаги энг асосий долзарб масалаларга ҳам ечим топилмоқда. Амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар, тан олиб айтиш жоизки, иқтисодиёт тармоқларини, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилишни ва унинг рақобатбардошлигини оширишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, бунинг асносида аҳоли бандлигини, уларнинг турмуш даражаси ва сифати оширилишини таъминлашга эришиш мақсадида Туркия давлатининг инвесторлари билан қиймати 50 млн. АҚШ доллардан зиёд лойиҳалар муҳокама этилди.
Инвесторларнинг асосий мақсади Андижон вилоятида замонавий тўқимачилик саноати, текстил маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шаҳарсозликни ривожлантириш ҳамда рақобатдош маҳсулотларни чет давлатларга экспорт қилишни ташкил қилишдан иборат экан, айнан инвесторларнинг экспорт масалаларида ўзларини қизиқтирган саволларига вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Эркин Райхонов томонидан амалдаги қонунчилигимиз бўйича инвесторларга яратилган қулайликлар ҳамда божхона тўловларидан берилаётган имтиёз ва преференциялар юзасидан атрофлича жавоблар берилди.
Бундан ташқари, маҳсулотлар экспортида яратилган кенг имкониятларга қўшимча равишда, божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида - туну кун амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, тадбиркор ва инвесторларга божхона соҳасига доир мурожаатлар ва саволлар юзасидан, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “ишонч телефони”га ёки бошқарманинг (74) 224-76-00 рақамли телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтилди.
15.04.2021