Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Яна “Лирика”, яна “Трамадол”... Давлат божхона қўмитаси долзарб мавзуга қайтади
1920
Божхона хизмати органлари ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сон қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низом доирасида дори воситаларини рухсат этилган меъёрларда олиб кирилишини назорат қилишади.

Ҳозирда турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситаларини олиб киришга рухсат этилган ва бунда ҳар бир ўрамдаги қаттиқ дори шакллари 100 бирликдан ортиқ бўлмаслиги белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида” 330-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар рўйхати тасдиқланган бўлиб, унга “Лирика” ва “Трамадол” дори воситаларини киритиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг 2 тадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берилади.

Республикамиз божхоначилари томонидан бу турдаги дори воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олиш борасида мунтазам равишда чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида қўмита расмий сайти орқали оммавий ахборот воситаларига ахборотлар мунтазам тақдим этиб келинмоқда.

Бундан кўзланган мақсад эса кенг жамоатчиликни ушбу долзарб муаммодан огоҳликка чорлаш, хусусан ёшларни бу зарарли иллат домига тортилишидан сақлашга қаратилгандир.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда “Лирика” ва “Трамадол” дори воситаларининг ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари аниқланиб, ички ҳудуддаги айланмасининг олди олинмоқда.

Чунончи, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари қўшни давлат фуқароси А.Н.ни 3730 дона “Трамадол” дори воситаларини ноқонуний равишда олиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолишган.

Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги ўтказилган тезкор тадбирда дорихона раҳбари Ж.А. 3691 дона “Лирика” дори воситасини ноқонуний равишда сотаётганда ушланди.

Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса дорихоналардан бири аслида таъмирлаш учун ёпилган бўлишига қарамай, фуқаролар А.С, Ж.Б, ва А.Х. томонидан бу ерда 2305 дона “Лирика” дори воситалари сақланаётганлиги ва уларнинг ноқонуний савдоси амалга оширилаётганлиги фош бўлди.

Шунингдек, Россия Федерациясидан Чирчиқда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Г. номига юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганида, унда 112 дона “Лирика” дори воситаси борлиги аниқланди.

Дори воситаларини қонуний тартибда импорт қилаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳам бу борадаги масъулиятни асло унутмасликлари керак. Яъни, улардан инсон марказий асаб тизимига кучли таъсир этувчи ҳамда истеъмолга тобеликни келтириб чиқарувчи психофаол дори воситаларининг ноқонуний айланмасига йўл қўймасликлари талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда инсон саломатлиги олий қадрият! У ҳеч қачон бизнес ва пул топиш воситаси, мўмай даромад манбаига айланмаслиги керак.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

5.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг