Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда коррупцияга қарши курашиш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди
1534
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси мажлислар залида коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Қашқадарёда коррупцияга қарши курашиш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди

Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Л.Саодатова, божхона фахрийлари ва вилоят божхона бошқармаси шахсий таркиби иштирок этди.

Ушбу давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, бошқарма ходимлари томонидан коррупцияга йўл қўймаслик, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, бу жиноятга биргаликда қарши курашиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашда кенг жамоатчилик ролини кучайтиришдан иборатдир.

Барчамизга маълумки, юртимизда коррупцияга қарши кураш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва доимий тарзда тизимли чоралар кўрилмоқда.

Тадбирда бошқарма Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими томонидан амалга оширилган ишлар, коррупцияга қарши курашдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси “Пора олиш”, 211-моддаси “Пора бериш” ва 212-моддалари “Пора олиш-беришда воситачилик қилиш” моддаларида айнан коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликлар кўзда тутилганлиги яна бир бор етказилди.

Таъкидланганидек, демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, коррупция жинояти ҳар қандай жиноят каби давлат ва жамиятнинг барқарорлиги, тинчлиги, айниқса тараққиёти учун хавфли ҳисобланади. Унга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки барчамиз ҳамкорликда курашсаккина бу иллатнинг илдизини қуритишга эриша оламиз.

Тадбир якунида коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилувчи видео роликлар намойиш этилди.

 

14.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг