Андижон вилояти божхона бошқармасида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан “Экспортда юзага келган муддати ўтган дебитор қарздорликларни тез фурсатларда бартараф қилиш чораларини кўриш” масалаларига бағишланган навбатдаги семинар учрашуви ўтказилди.
Семинар давомида бошқарма бошлиғи Эркинжон Райхонов тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида берилаётган кенг имкониятлардан тадбиркорлар унумли фойдаланишлари зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Аммо, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан экспорт қилинган товарлар учун ўз вақтида валюта маблағлари келиб тушишини таъминламаслик ҳолатлари ҳам учраётганлиги, бу эса муддати ўтган дебитор қарзорликлар ошиб боришига сабаб бўлаётганлиги айни ҳақиқат.
Андижон вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субьектларининг муддати ўтган дебитор қарздорликлари асосан мева-сабзавотларга тўғри келади.
Семинар давомида сўз олган бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдувоҳид Раҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3351-сонли қарорининг биринчи бандида Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун бевосита тадбиркорлик субъектлари қонун олдида жавоб беришлари ҳақида яна бир бор эслатиб ўтди.
Шунингдек, Ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш ва божхона статистикаси бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган чораги мобайнида вилоятимиздаги ТИФ божхона постлари орқали жами 3585 та божхона юк декларациялари “Экспорт” божхона режимига расмийлаштирилганлиги, шулардан 1089 таси ёки 30,3 фоизи “қизил” йўлак тартибида божхона расмийлаштирувидан ўтказилган бўлса, қолган 2496 таси ёки жами экспортнинг деярли 70 фоизининг божхона назорати енгиллаштирилган тартибда ҳамда божхона кўриги ўтказилмаган ҳолда расмийлаштирувдан ўтказилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Семинар якунида бир неча тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ишончли вакиллари юзага келаётган дебитор қарздорликларни тез фурсатларида бартараф этиш чораларини кўришларини билдирдилар.
Андижон вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
13.04.2021