Ахборот технологияларининг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши натижасида исталган ахборотни ҳеч қандай тўсиқларсиз қўлга киритиш имконияти ортиб бормоқда. Афсуски, мазкур қулайликдан жирканч мақсадларда фойдаланишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, беҳаё мазмундаги фото ва видео материалларни ўз қўл телефонларига юклаб, ташиб юрувчиларни ҳам ана шундай кимсалар сафига қўшиш мумкин.
Беҳаё томошага мойиллик эс-ҳушини йиғиб олмаган айрим юртдошларимизнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлмоқда. Бундай мазмундаги материалларнинг юртимиз ҳудудига олиб кирилишининг олдини олиш борасида республикамиз божхоначилари томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Урганч аэропорти” чегара божхона пости орқали “Санкт-Петербург-Урганч” рейси билан самолётда учиб келган фуқаро Р.Н божхона назоратидан ўтишда “яшил” йўлакдан ҳаракатланиб келаётганида божхона ходимининг эътиборига тушди. Унинг уяли телефони божхона назоратидан ўтказилганида телефон аппарати хотирасида 189 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар мавжудлиги аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, Хоразм вилояти божхоначилари томонидан 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида 376 та божхона қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган бўлса, шундан 197 та ҳолатда 17881 дона беҳаё мазмундаги материалларнинг республикамизга кириб келишини олди олинмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
4.10.2018