Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 121 моддадан иборат бўлиб, унинг барча моддаларида дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни мужассамдир.
Конституциянинг муқаддима қисмида Қорақалпоғистон Республикаси конституциясини қабул қилиш мақсади кўрсатилган.
Биринчи бўлимда асосий принциплар белгиланган, яъни давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги, Қорақалпоғистан Республикасининг халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларига бағишланган.
Конституциянинг 11-моддасида Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши кўрсатиб ўтилган.
Иккинчи бўлимда инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари белгиланган.
Ушбу бўлим умумий қоидалар, фуқаролик, шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари ва фуқароларнинг бурчларини ўз ичига олади.
Сана муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида шахсий таркиб ва Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогик институти “Тарих ўқитиш методикаси” кафедра катта ўқитувчиси О.Юсупов, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими Вазирлиги ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази доценти, юридик фанлари номзоди Т.Қаллибековлар иштирокида байрамона тадбир ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан тарихшунос ва ҳуқуқшунос устозлар ҳар бир давлатнинг асосий қомуси ҳисобланувчи конституциянинг ҳуқуқий негизи, унинг туб моҳияти, жамиятда у орқали белгилаб берилган ҳар бир муносабат тўғрисида айтиб ўтиб, теран фикрлар билдиришди.
Қорақалпоғистан Республикаси Конституциясида белгиланган меъёр ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда энг муҳим ҳужжат бўлиб ҳисобланади.
12.04.2021