Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Чинозда янги маҳалла биноси ишга туширилди
1686
Республикамизда жадал равишда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари ҳар бир маҳалла ҳаётида ўзининг аниқ ифодасини топиши жуда ҳам муҳим.
Чинозда янги маҳалла биноси ишга туширилди

Шу сабабли, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида илгари сурилган янги “Маҳаллабай” ишлаш тизими аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишда катта самара бермоқда.

Мазкур жараёнларда давлат божхона хизмати органларининг ҳам фаол иштироки Тошкент вилояти Чиноз туманининг Каналабод маҳалласида ҳам ўз самарасини бера бошлади.

Чегарадош ҳудудда жойлашган мазкур маҳаллада кўп миллатли 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Лекин шу вақтга қадар маҳалла идораси тузукроқ бинога эга бўлмаган. Ўтган йиллар давомида маҳаллага иши тушган одам борки, ўнлаб чақирим йўл босиб, манзили тез-тез ўзгарган маҳалла идорасини излаб, сарсон бўлган.

Президентимизнинг Чиноз туманига ташрифидан сўнг ушбу маҳалла аҳолиси ҳам жадал суръатлардаги ўзгаришларнинг гувоҳига айланишди.

Қисқа муддатда каналободликлар учун янги маҳалла биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган очилиш маросими маҳаллада катта байрамга айланиб кетди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимизнинг ташрифи чинозликлар қалбида энг аввало эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлаганини, юртдошларимизни улуғ мақсадлар сари илҳомлантириб, бунёдкорликка ундаганини таъкидлашди.

Рамзий ленталар қирқилиб, меҳмонлар янги бино билан танишишди.

Замонавий қиёфа касб этган маҳалла биносида барча шарт-шароитлар муҳайё. Бу ерда ташкил қилинган мўъжаз кутубхона маҳалла ёшлари учун муносиб туҳфа бўлди.

Ёзги айвончада Давлат божхона қўмитаси мутасаддилари ва туман ҳокимининг отахонлар билан бўлиб ўтган самимий суҳбати чоғида маҳалла аҳлини ўйлантириб келаётган турли масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Дарвоқе, шу куни маҳалла аҳлини қувонтирган яна бир воқелик амалга ошди -  аҳолини кўпдан бери қийнаб келган тоза ичимлик суви масаласи ҳам ижобий ҳал қилинди. Артезиан қудуғи ишга туширилиб, замонавий сув тозалаш фильтрлари ўрнатилди.

Чиноз туманида кенг кўламдаги бу каби хайрли ишлар қизғин давом эттирилмоқда.

Президентимиз томонидан бошлаб берилган маҳаллабай ишлаш тизими нақадар ҳаётийлиги ва долзарблиги ҳам ана шунда.

9.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг