Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Наманганда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда
1296
Бугунги кунда божхона органлари томонидан тадбиркорларнинг фаолиятидаги муаммоларини ўрганиш ҳамда соҳада янги қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида жойларга чиқиб учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, Наманган вилояти Чуст шаҳрида фаолият юритаётган “Chust textile” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида “Поп” чегара божхона пости масъул ходимлари томонидан сайёр учрашув ташкил этилди.

Ушбу корхона Наманган вилояти  Чуст туманида  жойлашган бўлиб, у ўз фаолиятини 2008 йилда бошлаган. Корхонанинг асосий фаолият тури трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат. Ҳозирги кунда корхонада энг илғор замонавий Италия, Туркия ва Хитой каби давлатлардан келтирилган ускуна ва технологиялардан фойдаланилган ҳолда иш юритилиб келинмоқда.

1300 га яқин ишчи ходимларга эга бўлган ушбу корхона маҳсулотларини деярли 100 фоизини чет давлатларга хусусан, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Европа давлатларига экпорт қилиб келмоқда. Рақамларга юзланадиган бўлсак, мазкур корхонанинг 2020 йилдаги экспорт ҳажми 9,1 млн АҚШ долларни ташкил қилган.

Учрашув давомида  “Поп” чегара божхона пости масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 февралдаги “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 101-сон қарори талаблари билан таништириб ўтилди.

Божхона аудити — товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этилган ҳужжатларни молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар билан солиштирган ҳолда ўрганиш ва текширишга асосланган божхона назорати шакли бўлиб, унга кўра камерал ва сайёр божхона аудити ўтказилиши мумкинлиги етказилди.

Шунингдек, тадбир давомида “Chust textile” масъулияти чекланган жамияти вакилларига товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирув тартиб таомиллари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Учрашув якунида  Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 ҳамда Наманган вилояти божхона бошқармасининг (69)234-33-01 “Ишонч телефон” рақамлари эслатиб ўтилди.

 

9.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг