9 апрель куни Амир Темурнинг таввалуд куни юртимизда катта тантаналар билан нишонланиб, ўқувчи ёшлар ўртасида бобомизнинг амалга оширган улкан ишлари ёд этилди.
Айни шу мақсадда, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан профессор ўқитувчилар билан ҳамкорликда “Амир Темур даврида божхона сиёсати” мавзусида ўқувчи ёшларга маънавият дарси ўтилди. Дарс давомида бобомизнинг дунё тарихи саҳнидаги унутилмас ўрни ва амалга оширган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда Амир Темур даврида божхона иши алоҳида аҳамиятга эга бўлганлигини қадимги манбалардан билиб олиш мумкинлиги айтиб ўтилди. Хусусан, тарихий ёзишмаларнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон Испанияга юборган элчиларига жавобан Испания қироли Руи Гонсалес де Клавихони Самарқанд подшолигига юборади. У 1403-1406 йиллардаги мазкур сафари хотираларини ҳақида ўз “кундалиги”да ёзиб қолдирган. Унинг қайд этишича, мазкур даврда Ўзбекистон ҳудудидан жанубий ва ғарбий йўналишларида Ҳиндистон ва Эронзамин, сўнгра ундан ғарбдаги мамлакатларга йўл олган элчилик ва савдо карвонлари учун Жайхун (Амударё) бўйича Термиз ва Ҳисор тизмасида Темир дарвоза асосий божхоналар бўлган. Клавихо ўз кундалигида иккинчи божхона, яъни Темир дарвоза ҳақида муҳим тафсилотлар ёзиб қолдирган: “Душанбада (1404 йил 25 август) улар (элчилар) баланд бир тоғ этагида тунадилар. Унинг чўққисида хочсимон шаклда ғиштдан қурилган бир ажойиб бино турарди; у турли рангдаги кошин (кафель)билан нақшинкор қилинган. Бу тоғ жуда баланд, унда тор дарадан иборат ўткил бор, худди инсон қўли билан қилингандай; тоғдан ана шу дара орқали ўтилади; икки томондан баланд тоғлар қад кўтарган, (дара) эса текис ва жуда чуқур. Ушбу даранинг ўртасида қишлоқ бор, ундан тепада баланд тоғ юксалган. Тоғдаги бу ўткил Темир дарвоза деб аталади. Ўша ерда бундан бошқа ўтиш жойи йўқ. Мазкур Темир дарвоза Темурбекнинг ихтиёрида ва унга ҳар йили катта даромад келтиради; чунки кичик Ҳиндистон (ҳозирги Покистон ва Шимолий Ҳиндистон)дан Самарканте подшоҳлигига ва ундан шимолдаги ўлкаларга йўл олган савдогарлар шу ердан ўтадилар.”
Маънавият дарси сўнгида, ўқувчи ёшлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олдилар.
9.04.2021