Куни кеча Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан маънавий маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Л.Саодатова, Халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари О.Бўриев ва бошқарма шахсий таркиби иштирок этди.
Биз буюк аждодимиз, машҳур давлат арбоби ва саркарда Амир Темур (1336-1405) номини эҳтиром билан тилга оламиз. Негаки, Соҳибқирон шону шавкати замину замонларга таралган башарият фарзандидир.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари О.Бўриевнинг таъкидлаганидек, Турон замини кейинги тарихида Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон, унинг авлодлари ва уларнинг жаҳон тарихида тутган ўрни, юргизган давлат сиёсатлари ҳақида мана олти асрдан ошмоқдаки, дунё тарихчилари қалами туфайли ҳар бир даврда ҳукмрон тузумнинг мафкурасига мос равишда у ёки бу тарзда талқин этилиб келинди. Минг шукрлар бўлсинки, ўтган XX асрнинг 90-йиллари бошида юз берган тарихий ҳақиқат-миллий мустақиллигимиз туфайли юртимизда, нафақат Амир Темур шахси, барча темурийлар мероси қайта тикланди.
Шунингдек, кейинги йилларда Ватанимизнинг шонли тарихи, буюк аждодларимиз қолдирган бой меросини чуқур ўрганишга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилаётганлиги, шу нуқтаи назардан Соҳибқирон Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини, ўша давр тарихини атрофлича ўрганиб ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Тадбир якунида, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид саволларга таклиф этилганлар томонидан батафсил маълумотлар берилди.
9.04.2021