Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Рақамли божхона”нинг шаклланиши коррупцияни олдини олишга хизмат қилади
1406
Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармонида божхона органларини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “қоғозсиз ва электрон божхона”нинг мантиқий давоми ва ривожланиши ҳисобланувчи “рақамли божхона”ни шакллантириш вазифалари белгиланган.

Бундан ташқари, Фармонга асосан божхона соҳасида умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштириш юзасидан концепция қабул қилинди ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур концепция ва “Йўл харитаси”да белгиланган устувор вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан зарур таклиф ва мулоҳазалар тақдим этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши божхона иши ҳамда божхона билан бевосита алоқадор бўлган барча фаолиятларда ҳам коррупцион ҳолатларни юзага келишини олдини олишда хизмат қилади.

Соҳада рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлиги янада таъминланади.

Яқин ўтмишга назар ташласак, божхонада электрон ахборот дастурларидан фойдаланиш 1996 йиллардан бошланган ва йилдан-йилга такомиллаштирилиб келинмоқда.

Дастлаб, товар ва транспорт воситаларининг ҳисоби юритилган бўлса, бугунги кунга келиб, божхона соҳасининг барча фаолиятлари тўлиқ дастурлаштирилган. Аниқ рақамларга кўра, айни кунда 60 га яқин автоматлаштирилган ахборот тизимларидан фойдаланиб келинаётган бўлса, 30 га яқин интерактив хизматлар фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудига четдан импорт асосида келинаётган товар ва транспорт воситалари тўғрисидаги барча маълумотлар чегарани кесиб ўтиши билан, тегишли тартибда рақамли технологиялар асосида расмийлаштирилади ва умумий базага киритилади. Бу эса айрим “уддабурон”ларнинг қонунга зид равишда иш юритишлари учун ҳеч қандай имконият қолдирмайди.

Эслатиб ўтамиз, агарда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ва фуқароларда божхона соҳасига оид муаммо ҳамда саволлар юзага келадиган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг (75) 221-04-80 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкин.

9.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг