Хўш, бугунги кунда соҳада қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда? Халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалари қай тартибда божхона назоратидан ўтказилмоқда?
Айни шу саволларга жавоб излаш мақсадида бир гуруҳ оммавий ахборот вакиллари учун Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пресс тур уюштирилди.
Таъкидланганидек, мазкур божхона пости Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган ва ундан чиқиб кетаётган барча халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назоратини амалга оширади.
Пресс тур аввалида ОАВ вакиллари “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг “Халқаро почтамт” божхона пунктида бўлишди.
Бу ерда журналистларга “Ўзбекистон почтаси” ДУКнинг “Халқаро почта” филиали ҳамда “EMS” (Express Mail Service) экспресс почта хизмати фаолияти таништирилди.
Божхона пункти замонавий ренгент қурилмалари билан жиҳозланган. Журналистлар учун кейинги манзил “СРТ почта” божхона омбори ҳудудида жойлашган “Бош почтамт” божхона постининг маъмурий биноси бўлди.
Журналистларга почта жўнатмаларининг божхона кўриги ва расмийлаштируви, халқаро курьерлик жўнатмаларини дастлабки электрон божхона декларациялаш тартиби, божхона назорати жараёнида божхона постида фош этилган турли найранглар, қинғирликлар ҳақида тақдимот намойиш этилди.
Пресс тур давомида журналистларни қизиқтирган “халқаро почта ҳамда курьерлик жўнатмалари орасида нима фарқ бор?” деган саволга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 11 февралда 896-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назорати қоидалари”га кўра,
халқаро почта жўнатмалари – бу тегишли қадоқдаги манзили кўрсатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар ва босма нашрлар;
халқаро курьерлик жўнатмалари эса – жўнатилиши қисқа муддатларда қўлдан-қўлга етказиб берилган (топшириладиган) ҳолда амалга ошириладиган почта варақчалари, хатлар, бандероллар, посилкалар, босма нашрлардир.
Пресс турда таъкидланишича, хориждан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мамлакатимизга олиб келишда маълум бир чекловлар мавжуд.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512-сонли қарорининг 1/а бандида, жисмоний шахслар номига келаётган халқаро курьерлик жўнатмалари учун бир календарь чорак мобайнида — 1000 (бир минг) АҚШ долларигача ҳамда халқаро почта жўнатмаларида ҳар бир жўнатма учун 100 (юз) АҚШ долларигача божхона тўловларига тортилмайдиган чегараланган нормалар белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3873-сонли қарорининг
6-бандига кўра, юридик шахслар учун бу меъёр ҳам халқаро почта, ҳам курьерлик жўнатмалари учун 100 (юз) АҚШ долларига тенг бўлган қийматни ташкил этади.
“Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1 млн. 363 минг тонна халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилиб, 94 млрд сўмдан ортиқ божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган.
Божхона постида бир кунда ўртача 15-18 тонна халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилади. Бу бир кунда 7000-7500 дона халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари дегани.
Божхона постида ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида ҳам тизимли кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, пост ходимлари томонидан бошқарманинг тезкор таркибий тузилмалар билан ҳамкорликда 2021 йил 3 ойи давомида 39 та ҳуқуқбузарликлар фош этилиб, қйимати 39 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар, хусусан, 249 дона психотроп моддалар ҳамда 4,7 кг. синтетик гиёҳвандлик воситаларининг “почта жўнатмаси” ниқоби остида мамлакатимизга ноқонуний кириб келишининг олди олинган.
Жумладан, жорий йилнинг 9 январь куни Нидерландия давлатидан фуқаро Д.Н. номига келган почта жўнатмаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, жўнатмада “ABD-BUTINACA” номли 498,82 грамм синтетик турдаги гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Шунингдек, 23 март куни эса фуқаро М.М. номига хориждан почта жўнатмаси тарзида келган “ўйин қурилмаси” текширилганда, жўнатмадаги “ўйин қурилмаси” ичида оғирлиги 47,32 грамм бўлган aльфа-пирролиновалерофенон(a-PVP) гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Медиа тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.
7.04.2021