Унда туман, шаҳар аҳолиси суд-ҳуқуқ масалалар юзасидан Олий суд, Судьялар Олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Президент Халқ қабулхоналари, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбар-ходимларига мурожаат қилди.
Ўтказилган оммавий қабулда божхона органларига жами 23 та мурожаатлар келиб тушди.
Самарқанд туманида яшовчи фуқаро А.Зубайдуллаева Божхона институтига ўқишга кириш юзасидан мурожаат қилди.
Фуқаронинг мурожаати қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари тушунтирилди. Шунингдек, номзодлар рўйхати китобига рўйхатга олиниб, дастлабки синовларда иштирок этишга рухсат берилди.
“Qilichov Baxrom” МЧЖ корхонаси вакили Б.Эшқуватов корхона номига Туркия давлатидан олиб келинган сутни қайта ишлаш асбоб ускуналарини ўзига қарашли омборга туширишга рухсат сўради.
Божхона кодексининг 93-моддаси талаблари батафсил тушунтирилиб, асбоб-ускуналарни ўз омборига сақлашга рухсат берилди.
Шунингдек, “Дўстмурод чорва моллари” фермер хўжалиги вакили П.Абдурасулов Австриядан олиб келган наслли молларга ҚҚС бўйича ҳисобланган суммани кечиктириб тўлашга рухсат сўраб мурожаат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5017-сонли қарорига асосан, четдан импорт тариқасида олиб келинган наслли чорва моллари учун уларни олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга узайтирилиши белгилаб қўйилганлиги тўлиқ тушунтирилди.
Таъкидлаш лозимки, оммавий қабуллар давомида аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасига оид меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда давлатимиз томонидан экспортёрларга яратилган қулайликлар тўғрисида батафсил ахборотлар берилди.
6.04.2021