Тадбирда “Ўзбекчорванасл” агентлигининг вилоят маркази раҳбари, вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими, ташқи иқтисодий фаолият субъектлари, фермерлар, божхона ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Брифингда таъкидланганидек, бугунги кунда божхона органлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият субъектларига барча қулайликлар яратилган. Экспорт ва импорт операциялари туну-кун, соддалаштирилган тартибда ва автоматлаштирилган ахборот дастурлари асосида шаффоф тарзда амалга оширилмоқда.
Дастлаб, Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи
Олим Қодиров томонидан мамлакатимизда четдан йирик ва майда шохли қорамолларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби, ундириладиган божхона тўловлари ва қўлланиладиган божхона имтиёзлари, шунингдек, қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш имкониятлари тўғрисида йиғилганларга тушунтиришлар берилди.
Рақамларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган 57 та ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан
2 миллион 699 минг АҚШ долларилик 8 320 бош чорва моллари импорт асосида олиб келинган.
Тадбир “Ўзбекчорванасл” агентлигининг вилоят маркази раҳбари
Ғайрат Жовлиев томонидан давом эттирилиб, чет давлатлардан импорт асосида олиб келинаётган наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни қабул қилиб олган хўжаликларга субсидия бериш тартиби тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими
Санжар Рустамов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5017-сон қарори мазмун-моҳияти ҳамда қарор асосида тўланган қўшилган қиймат солиғини қоплаш тартиб-қоидалари ҳақида тушунчалар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
5.04.2021