Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Юксак маънавиятли шахс тарбиясида Амир Темур ўгитларининг аҳамияти” мавзусида илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди
2134
Мустақиллик йилларида бой маънавий меросимиз, миллий қадриятларимиз, шу жумладан, Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон тамаддуни тарихидаги ўрни тикланди ва Темурийлар тарихини чуқур ўрганиш, уни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
 “Юксак маънавиятли шахс тарбиясида Амир Темур ўгитларининг аҳамияти” мавзусида илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди

Биз ҳамиша буюк ўтмишимиз, эзгу амаллари туфайли жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз. Уларнинг муносиб давомчиси сифатида хайрли юмушлар ташаббускори бўлишга, бунёдкорлик салоҳиятимиз ила она-юртимизни янада обод этишга интиламиз. Зеро, бундай азму шижоат бизга соҳибқирон Амир Темурдан меросдир.

Жаҳон тамаддунида Темурийлар даври илм-фан ва маданиятнинг ривожланиши билан чуқур из қолдирди. Бугун тарихий адолат тикланиб, бу беназир зотнинг ҳаёти ва фаолиятига дахлдор ҳаққоний қарашлар юзага чиқди.

Шу маънода айтиш мумкинки, Соҳибқироннинг буюк давлатчилик тарихи, бой мероси, фалсафий мушоҳадага йўғрилган теран ғоя ва қарашларини чуқур ўрганиш, тадқиқ қилиш, туб маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш беқиёс аҳамият касб этади. Бинобарин, ҳар йили бобомизнинг таваллуд куни муносабати билан ўтказиладиган маънавий-маърифий анжуманлар ҳам моҳиятан ана шу мақсадга ҳамоҳангдир.

Ана шундай эзгу мақсадда буюк аждодимиз, йирик  давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси, моҳир саркарда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан, Давлат  божхона қўмитасининг Божхона институти ташаббуси билан Темурийлар тарихи давлат музейида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Халқаро Амир Темур жамғармаси билан ҳамкорликда “Юксак маънавиятли шахс тарбиясида Амир Темур ўгитларининг аҳамияти” илмий-маърифий анжумани ташкил этилди.

Илмий-маърифий анжуманда сўз олган олимлар ва маданият ходимлари ўз маърузаларида, бугунги таҳликали даврда миллий ғуруримизни тиклашга қаратилган ислоҳотлар – жараёнида Амир Темурга юксак эҳтиром кўрсатиш, жаҳон тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, мардлик ва адолат тимсоли сифатида улуғланадиган буюк шахс — Амир Темур ҳаёти ҳамда фаолиятини ўрганишга халқаро миқёсда қизиқиш жуда катта бўлиб, у зотнинг бой маънавий меросидан ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда кенг фойдаланиш юзасидан ибратли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

 

 

 

2.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг