Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хорижий инвесторлар учун қандай имтиёз ва преференциялар яратилган?
2349
Мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш, республиканинг ишчи кучи мавжуд бўлган ҳудудларида янги иш жойларини яратиш дастурларини амалга оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кенг жалб этилмоқда.

Хоразм вилояти мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда вилоятда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони178 тани ташкил этмоқда.

Биламизки, таваккал қилмагунча тадбиркор бўлишнинг имкони йўқ. Айниқса, ишбилармонларнинг бошқа бир давлатда фаолиятини йўлга қўйиши эса икки карра таваккалчилик деганидир.

Бугунги кунда хорижий инвесторларга имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, шунингдек, чет эл инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган асосий қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилинган.

Хусусан, инвестиция иштирокидаги корхоналар учун қуйидагича имтиёзлар белгиланган:

  1. Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан:

- мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган қурилиш материалларини божхона тўловларидан (бундан қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

- махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

- тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно).

Ушбу имтиёзлар имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан  10 йил муддатгача, жумладан:

- 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 3 йил муддатга;

- 3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 5 йил муддатга;

- 5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 7 йил муддатга;

- 10 миллион ва ундан кўп АҚШ доллари ҳажмидаги инвестицияларга                                              – 10 йил муддатга берилади.

  1. Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар (Солиқ кодексининг 246-моддаси):

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган (20.03.2018 йилдаги Адлия Вазирлигининг 2436-сонли қарордаги рўйхатга асосан) технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса. Импорт қилинган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан уч йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши қўшилган қиймат солиғи тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланган ҳолда бекор қилинади.

  1. Бож тўлови бўйича имтиёзлар (Божхона кодексининг 297-моддаси):

- Устав фондида (устав капиталида) чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулкка;

- чет эллик инвесторлар, чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулкка;

- Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси эллик миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, башарти олиб кирилаётган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса;

- маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишлар олиб бориш учун мўлжалланган ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган чет эллик инвестор ёки бошқа шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, шунингдек инвестор томонидан божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган, маҳсулот тақсимотига оид битимга мувофиқ инвесторга тегишли бўлган маҳсулотга бож тўловларидан имтиёз қўлланилади.

Маълумот ўрнида, Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида олиб келинган товарларга божхона тўловларидан (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон Фармони ва Божхона кодекси 297-модда 9-бандига асосан) жами 13 млрд. 691 млн. сўмга яқин имтиёзлар берилди.

Хоразм вилояти божхона
бошқармаси Ахборот хизмати

1.04.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг