Амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар, тан олиб айтиш жоизки, иқтисодиёт тармоқларини, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилишни ва унинг рақобатбардошлигини оширишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, бунинг асосида аҳоли бандлигини, уларнинг турмуш даражаси ва сифати оширилишини таъминлаш мақсадида Андижон вилоятида вилоят ҳокими Шухрат Абдураҳмонов бошчилигида Хитой, Сингапур ҳамда Индонезия давлатларининг инвесторлари билан қиймати 350 млн. АҚШ доллардан зиёд лойиҳалар бўйича ишчи учрашув ўтказилди.
Инвесторларнинг асосий мақсади Андижон вилоятида замонавий иссиқхоналарни қуриш орқали унда гилос мевасининг турли навларини етиштириш ҳамда 10 дан зиёд давлатларга экспорт қилишни ташкил қилишдан иборат. Инвесторларнинг экспорт масалаларида ўзларини қизиқтирган саволларига вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э. Райхонов томонидан амалдаги қонунчилигимиз бўйича уларга яратилган қулайликлар ҳамда божхона тўловларидан берилаётган имтиёз ва преференциялар юзасидан атрофлича жавоблар берилди.
Бундан ташқари, товарлар экспортида яратилган кенг имкониятларга қўшимча равишда, божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида - туну кун амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, тадбиркор ва инвесторларга, божхона соҳасига доир мурожаатлар ва саволлар юзасидан, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “ишонч телефони”га ёки бошқарманинг (74) 224-76-00 рақамли телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, хорижлик ишбилармонлар билан ўтказиладиган бундай самимий мулоқотлар инвесторларнинг қонунчилигимизга ҳамда уларнинг истиқболли фаолият кўрсатишларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Зеро, фаол инвестиция сиёсати - барқарор иқтисодий ривожланишга эришишнинг энг муҳим шартларидан биридир.
29.03.2021