Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бухорода сайёр учрашув бўлиб ўтди
2217
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётда ўз ифодасини топаётганини ҳар соҳадаги чуқур ислоҳотлардан билиш мумкин.
Бухорода сайёр учрашув бўлиб ўтди

Шунингдек, бунинг амалдаги исботи сифатида мамлакатимиздаги ижобий янгиланишлар, юксалишлар, корхона ва ташкилотларнинг иш тартибига тубдан  киритилган  ўзгаришларни айтишимиз мумкин. Хусусан, халқнинг оғирини енгил қилиш мақсадида давлат идоралари томонидан сайёр учрашувлар, қабулларнинг доимий ташкил этилаётганлиги, бир томондан муаммони жойига бориб ўрганиш имконини берса, иккинчи томондан, юртдошларимизни ортиқча оворагарчиликдан сақламоқда.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам худди шуларни инобатга олган ҳолда доимий тарзда турли корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари билан сайёр учрашувлар ташкил этиб келинади. Куни кеча,  божхоначиларнинг Когон туманида фаолият кўрсатувчи МЧЖ шаклидаги “Кнауф Гипс Бухара”  хорижий қўшма корхонасига  ҳамда бир қатор ишлаб чиқариш объектларига қилган сайёр ташрифларини ҳам шундай учрашувлар сирасига киритиш мумкин.

Ташриф давомида  бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев иштирокчиларга ташкил этилаётган мазкур учрашувлардан асосий мақсад, божхона соҳасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва янгиликларни етказиш, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойларга чиқиб ўрганиш ҳамда қонун доирасида ҳал этиш эканлигини айтиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, бунинг исботи сифатида бир қанча норматив ҳужжатлар амалиётга жорий этиб келинаётганлиги тадбир давомида таъкидланди. Айниқса, тадбиркорларга, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб ўтилди.

Энг қувонарлиси, сайёр учрашув давомида “Кнауф Гипс Бухара” қўшма корхонасининг импорт-экспорт бўйича мутахассиси Ю.Алиев томонидан импорт тартибида олиб келинаётган товарларни олдиндан божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ва божхона кўрикларини соддалаштириш бўйича таклифлар берганлиги бўлди. Табиийки, тадбиркорлардаги бу каби таклифлар ва турли муҳокамага асос бўлувчи саволларининг мавжудлиги божхона соҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тадбир якунида корхона масъулларига божхоначиларимиз томонидан интернет тармоғи орқали тақдим этилаётган интерактив хизматлар тўғрисида ҳам  кенг тушунтиришлар бериб ўтилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

3.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг