Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар 1,3 кг.дан ортиқ оғуни ютиб олиб ўтмоқчи бўлган шахсларни қўлга олишди
1002
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши божхона органлари томонидан тизимли тарзда кураш олиб борилмоқда.
Божхоначилар 1,3 кг.дан ортиқ оғуни ютиб олиб ўтмоқчи бўлган шахсларни қўлга олишди

Жумладан, Сурхондарё вилоятида ўзидан жонли контейнер сифатида фойдаланиб, гиёҳвандлик воситаларини ички аъзоларига яширганча олиб киришга бўлган яна иккита уриниш фош қилинди.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси "Айритом" чегара божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси С.А. инсон танасини сканерловчи “Body scan” қурилмаси кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида, унинг ички аъзоларида шубҳали предметлар борлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг шифокорлар муолажаси орқали мазкур шахснинг ичидан 46 дона цилиндрсимон полиэтилен ўрамлар чиқариб олинди. Мазкур ўрамларга соф оғирлиги 1,076 килограмм ташкил қилувчи “опий” гиёҳвандлик воситаси яширилган экан.

Бир неча кун ўтиб ушбу божхона постида гиёҳвандлик воситаларини ички аъзоларига яширганча олиб киришга уринган бошқа шахс ҳам қўлга олинди.

 “Айритом” чегара божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни мамлакат фуқароси А.К. ҳам шубҳали ҳаракатлари сабабли кузатувга олинди ва сканер қурилмаси кўмагида кўздан кечирилди. Натижада, ушбу шахснинг ичида ҳам 42 дона скотчланган цилиндрсимон ўрамлар борлиги фош бўлди.

Тиббиёт ходимлари иштирокида чиқариб олинган мазкур ўрамлар текшириб кўрилганида эса, унинг ичида соф оғирлиги 252 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

29.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг