Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда қонунчилик тарғибот тадбирлари давом этмоқда
1163
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъул бўлим ва божхона постлари томонидан “Божхоначи – тадбиркор таянчи” шиори остида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришда яратилган қулайлик ва имкониятлар, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга оид янги қонун ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида доимий равишда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Қашқадарёда қонунчилик тарғибот тадбирлари давом этмоқда

Мазкур йўналишдаги навбатдаги учрашув бошқарма тасарруфидаги “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости назорат ҳудудида фаолият олиб борувчи импортёр ва экспортёрлар ҳузурида уюштирилди.

Дастлабки учрашув, Қарши шаҳридаги “Premium capital group” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди. Мазкур корхона пойафзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган имконият ва қулайликлардан самарали фойдаланаётган тадбиркор айни кунда пойафзал ишлаб чиқаришга мўлжалланган навбатдаги янги йирик лойиҳани ишга тушириш арафасида турибди.

Беларусь Республикасининг “Марко” компанияси билан ҳамкорликдаги умумий қиймати 5,9 миллион АҚШ долларилик мазкур лойиҳа ишга туширилиши билан 520 нафар воҳа ёшлари ва аёллари иш билан таъминланади. Лойиҳа доирасида йилига 1 миллион жуфт пойафзал ишлаб чиқарилади.

Ушбу корхона иш фаолиятини 2021 йилнинг иккинчи чорагида бошлашни мақсад қилган.

Кейинги учрашув Қарши шаҳрида жойлашган “Asian golden oil” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди.

Фаолият йўналиши ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган ушбу корхонада яқин кунларда иккита йирик лойиҳа ишга туширилади. Биринчи лойиҳада кунига 200 тонна хомашё қайта ишланиши натижасида ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилади. Иккинчи лойиҳа бўйича эса, кунига 250 тонна буғдой қайта ишланиб, ун маҳсулоти ишлаб чиқарилади.

Учрашувда тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-666-сон Қонуни мазмун-моҳияти ҳамда маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришда божхонада яратилган енгилликлар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, божхона ходимлари божхонага оид муаммоли масалалар юзасидан доимо ёрдамга тайёр эканликларини маълум қилишди.

 

29.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг