Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси биносида Хоразм вилояти суди ташаббуси билан вилоятда фаолият кўрсатаётган маҳаллий ва хорижий инвесторлар ҳамда тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказилди.
Биламизки, таваккал қилмагунча тадбиркор бўлишнинг имкони йўқ. Айниқса, ишбилармонларнинг бошқа бир давлатда фаолиятини йўлга қўйиши эса икки карра таваккалчилик деганидир.
Давра суҳбатида Хоразм вилоят суди раиси, иқтисодий ишлар бўйича судьялар ҳамда вилоят адлия, божхона ва давлат хизматлари агентлиги бошқармалари, хорижлик ишбилармонлар фаолиятига алоқадор бўлган ташкилот вакиллари иштирок этишди.
Мулоқотларда ҳудудда тадбиркорлигини бошлаган туркиялик инвесторларнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги масалалари муҳокама қилинди.
– Туркия ва Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасида иқтисодий соҳалардаги алоқалар тобора ривожланиб бормоқда, - дейди, инвестор Лал Айдин (Туркиялик инвестор), – Бугун биз Туркиялик инвесторлар мамлакатингизга, хусусан вилоятингизга сармоялар жалб қилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқдамиз. Албатта юртингизда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимояси борасида олиб борилаётган ислоҳотлар биз инвесторларни ҳам қувонтиради. Тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш ва инвесторларни ҳуқуқий ҳимояси борасида қабул қилинаётган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эркин фаолият олиб боришимизга муҳим замин яратади.
Мулоқот давомида, инвесторларга мамлакатимиз суд тизими ва судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди. Хусусан, инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича Олий суд тузилмасида алоҳида судлов таркиби тузилгани, бу таркиб 20 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги инвестицияларни амалга оширган инвесторлар ишини кўриб чиқиши, қолган ишларни эса тадбиркор хоҳишига кўра вилоят суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи О.Иброҳимов томонидан бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Божхона ва Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида олиб келинган товарларга ҳамда инвестиция иштирокидаги корхоналар учун берилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Маълумот ўрнида, Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида янги йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида хориждан олиб келинган товар ва транспорт воситалари, хомашё ва материалларни, технологик асбоб-ускуна ва жиҳозлар қисқа муддатларда тегишли божхона режимларига расмийлаштириб, божхона тўловларидан жами 13 млрд. 691 млн. сўмга яқин имтиёзлар қўлланилди.
Шу билан бирга, тадбиркор ва инвесторларга, божхона соҳасига доир мурожаатлар ва саволлар юзасидан, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “ишонч телефони”га ёки бошқарманинг (62) 227-70-11 рақамли телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтилди.
Хорижлик ишбилармонлар билан ўтказиладиган бундай самимий мулоқотлар инвесторларнинг қонунчилигимизга, истиқболли фаолият кўрсатишларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
26.03.2021