Жаҳон божхона ташкилотининг Москва халқаро модели – ёшларнинг инновацион платформаси бўлиб, иштирокчилар ўз давлатлари божхона хизматлари делегацияси сифатида Жаҳон божхона ташкилоти ишчи органлари қарорларини қабул қилиш жараёни модели асосида божхона иши амалиётини такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳалар тақдимотини ўтказиши режалаштирилган.
Мазкур тадбир божхона иши амалиёти бўйича сўнгги замонавий тажрибаларни ўзлаштиришга ва ўз касбий фаолиятида қўллашга тайёр бўлган бўлажак мутахассисларнинг касбий билим ва компетенцияларини шакллантириш ва ривожлантиришга хизмат қилишини назарда тутади.
Жумладан, тадбирнинг очилиш маросимида Жаҳон божхона ташкилоти Институционал ривожланиш маркази, БМТ Савдога кўмаклашиш, электрон бизнес ва трансчегаравий савдо маркази, Евроосиё иқтисодий комиссияси божхона қонунчилиги департаменти, Халқаро божхона университетлар тармоғи – INCU котибияти, Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Академияси, Шимолий Македония университети раҳбарияти ва бошқалар иштирок этиб, ўтказилаётган тадбир божхона соҳасидаги долзарб масалалар тўғрисида фикр алмашиш ҳамда таълим жараёни борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.
Илмий-амалий анжуман кун тартибига кўра, пленар сессиядан ташқари учта шўъба йиғилиши ташкил этилди.
Хусусан, Божхона институти курсантлари “Ахборотларни бошқариш” сессиясида «Божхона хавфни бошқариш тизимида рентген тасвирларини рақамлаштириш истиқболлари» мавзусида ҳамда «Уйғунлашган товар тавсифи ва кодлаш тизимини қўллаш» сессиясида «Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича товар кодларини аниқлашни автоматлаштириш» каби мавзуларда маърузалар билан қатнашишди.
Тадбир якунида, иштирокчи ва ташкилотчилар бу каби тадбирлар ёш тадқиқотчилар учун муҳим аҳамият касб этишини, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик божхона тартибга солиниши билан боғлиқ муаммолар бўйича ҳамкорликда амалий ечимларни шакллантиришга, ўзаро тажриба алмашишга ва таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ва Россия Федерал божхона хизмати Россия божхона академияси ўртасида 2019 йил 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган “Кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш соҳасида 2020-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Режаси”га мувофиқ ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
24.03.2021