Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоийда суд-ҳуқуқ масаларига оид сайёр учрашувлар давом этмоқда
1263
Мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, жамиятда барқарорликни, ижтимоий адолатни қарор топтиришнинг энг муҳим шартларидан бири бу фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Навоийда суд-ҳуқуқ масаларига оид сайёр учрашувлар давом этмоқда

Мазкур йўналишда мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг яна бир муҳим шарти бу – давлат идоралари ва фуқаролар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашган ҳолда мавжуд муаммоларга ечим топишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Бу каби сайёр учрашувларнинг навбатдагиси вилоятнинг Қизилтепа, Навбаҳор, Кармана туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида ташкил этилди.

Сайёр учрашувлар давомида фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан бир қатор мурожаатлар келиб тушди.

Жумладан, “Сардоба агроэкспорт” МЧЖ вакили Ш.Амонов корхона номига хориждан олиб келинган шиша-ойна маҳсулотларини корхонанинг ўз омборига тушириш учун рухсат берилиши тўғрисида мурожаат қилди. Мазкур мурожаат бўйича, Божхона кодексининг 93-моддаси талабларига риоя этиш шарти билан товарларни корхонанинг ўз омборига туширишга рухсат берилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди. Яна иккита тадбиркор томонидан қилинган айни шу каби мурожаатлар жойида ижобий ечимини топди.

Бундан ташқари, “Санжарбек Мирзабек орзуси” фермер хўжалиги вакили С.Мирзаев томчилатиб суғориш ускунасини қисмларга бўлиб келинаётганлиги сабабли божхона тўловларидан имтиёз қўллаш имкони мавжудлиги шунингдек, ускунанинг ҳар бир қисми олиб келинганда мувофиқлик сертификатини қайта-қайта олиш ўрнига бир марталик мувофиқлик сертификати олиш тўғрисида мурожаат йўллади. Мазкур мурожжат юзасидан С.Мирзаевга томчилатиб суғориш ускунасининг эҳтиёт ва бутловчи қисмлари тўлиқ етиб келганидан сўнг товарларни интерпретация қилишнинг 2А-қоидасига кўра бутун ускуна деб қаралиши, бундай ускуналарга  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги ПҚ-5005-сон Қарори билан бож ва акциз солиғидан имтиёз жорий қилинганлиги, шунингдек, ускунанинг барча қисмлари етиб келганидан сўнг мувофиқлик сертификатини яхлит шаклда бир маротаба олиш мумкинлиги ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Шу каби жамоатчилик вакиллари ва тадбиркорлар томонидан йўлланган ўндан ортиқ мурожатларнинг 60 фоизи ўз жойида ечимларини топган бўлса, қолган қисмини бошқа ташкилот ва муассасалар билан хамкорликда мантиқий ниҳоясига етказиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Вилоят ҳудудлари бўйлаб сайёр учрашувлар давом этмоқда.

 

 

 

 

 

 

23.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг