Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Шерободда инвесторлар билан учрашув бўлиб ўтди
2065
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга маъсул идоралар раҳбарлари, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – хусусий сектор вакилларининг истиқболли лойиҳаларини кўриб чиқиш ва ҳаётга жорий этилишида мавжуд муаммоларни биргаликда бартараф этиш бўлди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3939-сонли қарори ижроси юзасидан Шеробод туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари, яъни божхона бошқармаси масъул ходими Ш.Юсупов, вилоят ҳокимининг Инвестиция бошқармаси бошлиғи Р.Пардаев ҳамда туман ҳокимининг Инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Н.Махмадияров иштирокида туманнинг инвестиция салоҳиятини янада ошириш мақсадида ва Шеробод туманида  йилига 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод қуриш мақсадида Хитой Халқ Республикаси инвесторлари билан учрашув ташкиллаштирилди.

Учрашувда жорий йилнинг сентябр ойидан ишга туширилган “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати тўғрисида батафсил маълумот беришдан бошланди. Мазкур хизматда Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракатини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имкони яратилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу интерактив хизмат бундан буён ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг асосий кундалик дастури бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, ушбу йўналишда божхона органлари томонидан берилаётган имтиёзлар ва қулайликлар тўғрисида хитойлик инвесторларга батафсил тушунтиришлар берилди.

Йиғилишда, вилоят ҳокимияти масъул вакиллари томонидан инвесторларга туманнинг мавжуд геологик қулай ер майдонлари заҳиралари тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди. 

Учрашувда тадбиркор ва инвесторлар тадбир ташкилотчиларидан саволларига жавоб олганидан сўнг, инвесторлар томонидан келгусида саволлар туғилганда мурожаат қилишлари учун Давлат божхона қўмитасининг 11-08 рақамли “Ишонч телефони” туну-кун ишлаётгани эслатиб ўтилди.

Маълумот ўрнида, Шеробод туманида 2018-2019 йиллар мобайнида қиймати
салкам 4 млрд. сўмга тенг жами 121 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида жами 4291 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда, ушбу лойиҳаларнинг салкам 2 млрд. сўмлик 37 таси тўлиқ амалга оширилиб,  2345 та иш ўринлари яратилишига эришилган.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

29.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг