Коррупция уюшган жиноятчиликни, терроризмни ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради. Ушбу иллатни олдини олишда, унга нисбатан кенг жамоатчилик ўртасида нафратни шакллантиришда профилактик суҳбат ва тарғиботлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда, божхона органлари томонидан профилактик учрашувлар доимий ташкил этилмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти божхона бошқармаси “Косонсой” чегара божхона пости ходимлари мазкур пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар билан коррупция жинояти ва унинг оқибатлари мавзусида учрашув ўтказдилар.
Тадбирда божхона ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли фармони билан “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш агентлиги”нинг ташкил этилганлиги ҳамда жамиятда коррупциянинг барча кўринишларини олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишда жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлаб ўтишди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, мазкур иллатга қарши курашишда нафақат давлат органлари, балки барча фуқароларимиз самарали натижаларга эришиши мумкин. Бу борада олиб борилган муваффақиятли саъй-ҳаракатлар жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши учрашув давомида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, тадбир якунида фуқароларга божхона соҳасига оид саволлар ва таклифлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа
11-08 рақамли ишонч телефонига ёки вилоят божхона бошқармасининг
(69) 234-33-01 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
19.03.2021