Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг февраль-март ойларига мўлжалланган ўқув режасига асосан “Божхона соҳасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судда кўриш” бўйича амалий дарс машғулотлари ташкил этилди.
Судьялар олий мактабининг Маъмурий ҳуқуқ йўналиши тингловчилари учун ташкил этилган мазкур амалий дарс машғулотлари Давлат божхона қўмитаси Юридик бошқарма ходимлари томонидан олиб борилиб, унда тингловчиларга соҳага оид тартиб таомиллар ва божхона расмийлаштируви билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий хужжатларни тадбиқ этилиши юзасидан тегишли кўникмалар берилди.
Шунингдек, амалий дарс машғулотларида етказилган божхона соҳасига оид билим ва кўникмалар ҳамда тартиб таомилларни бевосита амалиёт жараёнида таништириш мақсадида жорий йилнинг 16 март куни Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Арк-булоқ” ТИФ божхона постига Судьялар олий мактаби тингловчиларининг ташрифи ташкил этилди.
Ташриф давомида тингловчиларни мазкур божхона пости фаолияти билан пост раҳбари Ғайрат Носиров яқиндан таништирди. Олий мактаб тингловчилари мазкур божхона пости ҳудудида жойлашган замонавий типдаги божхона омборида бевосита божхона расмийлаштируви жараёнларини кузатишди.
Товарларни “эркин муомалага чиқариш” ва “экспорт” режимига расмийлаштириш жараёнида амалга ошириладиган тартиб таомилларни тўғридан тўғри кузатиш имконига эга бўлишди.
Шундан сўнг божхона пости биносида божхона тизими ва ТИФ божхона постлари фаолиятига оид кўргазмали слайд намойиш этилди.
Ташриф иштирокчиларига айниқса божхона органлари томонидан жорий қилинган хавфни бошқариш тизими юқори қизиқиш уйғотганлиги маълум қилиниб, уларнинг ушбу мавзу юзасидан саволларига ДБҚ Юридик бошқармаси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Юридик хизмати ҳамда “Арк-булоқ” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан батафсил жавоблар ва қўшимча маълумотлар берилди.
Ташриф якунида Судьялар олий мактаби раҳбарияти ва тингловчилар томонидан ўзаро самарали ҳамкорликни изчиллик билан давом эттириш юзасидан тегишли таклифлар билдирилди.
Давлат божхона қўмитаси
Юридик бошқармаси
18.03.2021