Тадбирда бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Муқимов бошқарма томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар, асосий кўрсаткич ва келгусидаги режаларга алоҳида тўхталиб, республика миқёсида давлатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, импортни оптималлаштириш бўйича эришилган натижалар сарҳисобини келтирди.
Қайд этиш лозимки, 2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан қиймати 352,7 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. Умумий қиймати 502,1 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи республика ташқи савдо айланмасининг 70,2 фоизи товарлар экспортига тўғри келади.
Бу ҳам мамлакатимизда экспортёр корхоналар қўллаб-қувватланиб, уларга кенг имкониятлар тақдим этилаётганининг самарасидир.
Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, артемия цистаси, кунжут маҳсулотлари, пахта толаси, пропилен, қизилмия илдизи ва унинг экстракти, ип калава, кальцинирланган сода ҳамда тери маҳсулотлари дунёнинг Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Украина каби бир қатор давлатларига экспорт қилинган.
Шундан сўнг божхона органларида жорий этилган янги тартибдаги импорт товарларига қўлланилаётган имтиёзлар, улардан фойдаланиш тартиб таомиллари, бўйича божхона тўловлари бўлими бошлиғи В.Матёкубов тақдимоти тингланди.
Анжуман давомида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга соҳа ходимлари томонидан жавоб берилди.
Тадбир сўнгида божхона назорати техник воситалари кўргазмаси ташкил этилиб, унда тадбир иштирокчиларига бугунги кунда божхона назоратининг тез ва самарали амалга оширилишига имкон яратаётган техник воситалар қўлланилиши бўйича амалий кўрсатилди.
Бу каби ташкил этилаётган матбуот анжуманлари божхона органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисобини халққа етказиш, соҳа шаффофлигини янада кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
18.03.2021