Юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида барча давлат идоралари аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан янги тизим яратилди.
Мамлакатимизда ўтказилаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, халқ билан ҳамнафас бўлиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бошчилигида айни кунларда Сурхондарё вилоятининг бир қатор туманларида Олий суд, Президент халқ қабулхоналари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти иштирокида оммавий қабуллар бўлиб ўтмоқда.
Ушбу оммавий сайёр қабулларда Давлат божхона қўмитаси Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров ва тегишли бўлим бошлиқлари ҳам фуқароларимиздаги божхона соҳасига доир мурожаатларни қабул қилишмоқда.
Ўтказилаётган сайёр қабулларда шу кунга қадар божхона соҳасига доир 10 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатлар чуқур ўрганилиб жойида малaкали ходимлар иштирокида фуқароларимиз мурожаатлари қаноатлантирилмоқда.
Хусусан, сайёр қабулда Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи тадбиркор Қодир Аҳадов қорамол импорт қилишда божхона тўловлари тўлаш муддатини узайтирилиши бўйича мурожаат қилди.
Мазкур мурожаат юзасидан фуқаро Қ.Аҳадовга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5017-сонли қарорига асосан қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини 180 кунга узайтирилиши белгиланганлиги, бунда Божхона кодексининг 329-моддаси талаблари асосида божхона таъминоти (суғурта полиси ёки банк кафолати)дан фойдаланилган ҳолда, фоиз ундирмасдан амалга оширилиши кўзда тутилганлиги ҳақида тушунтириш берилди.
Сайёр қабуллар давомида божхона соҳаси бўйича маслаҳат сўраган фуқаролар ва мурожаатчиларга жойида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, божхона соҳасига доир мурожаатлар юзасидан исталган вақтда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (76) 225 24-51 рақамли ишонч телефоларига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилди. Шунингдек, божхона органларининг интернетдаги “bojxona.uz” расмий веб-сайтидан ҳам зарур маълумотларни олиш имконияти мавжудлиги эслатиб ўтилди.
15.03.2021