Юртимизда кейинги йилларда ёшларни маънан етук ва жисмонан соғлом камол топтириш сохасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ёшларни Ватанга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда, хусусан Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда мунтазам равишда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирларнинг навбатдагиси “Сирдарё” чегара божхона постида бўлиб, унда Сирдарё туманида жойлашган 25-умумий ўрта таълим мактаби битирувчи ёшлари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Тадбир божхона постида кўрик жараёнида фойдаланиладиган замонавий назорат-техник воситалари ҳамда махсус анжомлар кўргазмаси билан бошланди ва улардан фойдаланиш ҳақида божхона, чегара ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан тушунчалар берилди.
Шундан сўнг юртимиз сарҳадлари орқали товар моддий бойликларнинг ҳаракати шиддат билан амалга оширилаётган бугунги кунда уларнинг тез ва самарали божхона назоратидан ўтказилиши билан бир қаторда ноқонуний товарларнинг ҳаракатига ўз вақтида чек қўйиш мақсадида божхона постига ажратилган “Rapisсan М-60” русумли инспекцион кўрик мажмуаси вазифалари ва ишлаш принциплари ҳақида тушунчалар берилди.
Суҳбат давомида муҳим вазифаларнинг бехато ва тезкорлик билан бажарилишида бугунги кунда божхона тизимида хизмат итларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилганлиги муносабати билан ёшларга хизмат итлари тўғрисида кўргазмали ўқув машғулотлари намойиш этилди.
Шундан сўнг ёшлар божхона постида фуқаролар ҳаракати учун яратилган шароитлар билан танишдилар, уларга жорий йил 1 январдан кириш ва чиқиш залларида ташкил этилган қизил ва яшил йўлаклар, инсон танасини божхона назоратидан ўтказувчи “Body Scan” рентген аппарати ҳақида маълумотлар берилди.
Шу билан бирга божхона тарихи, унинг босиб ўтган йўли, “божхоначи” деган шарафли касб ҳақида, келажакда божхоначи бўлиш истагини билдирган ёшларга Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтига 2021/2022 ўқув йили учун абитуриентлар танлови бошланганлиги, танловда иштирок этиш учун 1 апрелга қадар Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг Кадрлар бўлимига мурожаат этишлари мумкинлиги тушунтирилди.
Тадбир сўнгида мактаб ёшлари божхона фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти
14.03.2021