Жойларда ўтказилаётган оммавий сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.
Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташаббуси билан 2021 йил 4-6 март кунлари Хоразм вилоятининг бир қатор туманларида Олий суд, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Президент халқ қабулхоналари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида оммавий қабуллар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов раҳбарлигидаги ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан вилоятнинг қатор туманларида оммавий сайёр қабуллар ўтказилди.
Бунда аҳолини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди, долзарб масалалар ўрганилди ва жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди ҳамда тезкор чоралар белгиланди.
Ушбу оммавий сайёр қабулларда Давлат божхона қўмитаси Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаков ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Ўтказилган оммавий қабулда божхона органларига жами 4 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатлар жойида ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал қилинди.
Хусусан, сайёр қабулда Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи фуқаро Зокир Абдуллаев Россия Федерациясидан олдин фойдаланишда бўлган қишлоқ хўжалиги техникаларини (МТЗ-80 маркали трактор) импорт қилишда божхона тўловлари ставкалари бўйича мурожаат қилди.
Ушбу мурожаат юзасидан фуқаро З.Абдуллаевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сон қарори талаблари асосида тўлиқ маълумот тақдим этилди.
Сайёр қабуллар давомида божхона соҳаси бўйича маслаҳат сўраган фуқаролар ва мурожаатчиларга жойида тушунтиришлар берилди.
10.03.2021