Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар талабалар ҳузурида бўлишди
981
Самарқандда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича ўтказилаётган «Зарбдор ойлиги» давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари Самарқанд давлат университетининг юридик факультети талабалари билан профилактик тадбир ўтказишди.

Тадбирни Самарқанд давлат университетининг Ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири Давлат Қурбонов очиб берди.

Айни дамда вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 65 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилиб, натижада 1 млрд. сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Қонунбузилиши ҳолатлари бўйича жами 6,9 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ундиришга қаратилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 3 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 53 та ҳолатда эса ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар юритилган.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида 543,68 грамм гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний айланмасининг олди олинди.

Cамарқанд вилояти ички ҳудудида тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан, сифати кафолатланмаган қўлбола маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 1 та “яширин цех” фаолиятига чек қўйилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш юзасидан жойларда аҳоли ҳамда тадбикорлик субъектлари иштирокида 19 маротаба давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-666-сон Қонуни билан жисмоний ва юридик шахсларга қулайлик яратиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2274-моддаси   5-қисмида “Товарларни, транспорт воситаларини ва уларнинг ҳужжатларини етказиб беришнинг божхона органи томонидан белгиланган муддатига риоя қилмаслик” билан боғлиқ ҳуқубузарлик аломатлари бўйича жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан чиқариб ташланди. 

Тадбирда сўзга чиққан “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси Улуғбек Ниятов қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш тартиби тўғрисида батафсил тушунчалар бериб ўтди.

Соҳага оид саволлар билан талаба-ёшлар фаол иштирок этиб, мутахассислардан аниқ жавобларни олишди.

Фарҳод Ахроров
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
бош инспектор-суриштирувчиси

 

10.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг