Давлат божхона қўмитаси ушбу ҳолат бўйича қўйидагиларни маълум қилади.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи фуқаро Қ.М. хонадонида гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва сотиш билан шуғулланаётганликлари бўйича тезкор маълумот олинган.
2021 йил 8 февраль куни фуқаро Қ.М.нинг яшаш хонадонини кўздан кечириш учун вилоят прокуратурасидан санкция олинган.
2021 йил 10 февраль куни ушбу хонадон Қ.М.нинг фарзанди Х.Д. ва унинг аммаси М.Д. иштирокида божхона, ИИБ ва ДХХ ходимлари, МФЙ раиси ва икки нафар холислар иштирокида кўздан кечирилиб, барча ҳаракатлар видеотасвирга олинган.
Кўздан кечириш натижасида фуқаро Қ.М.нинг ҳовлисидаги экин майдонида жойлашган ҳожатхона ёнидаги дарахт тагига кўмилган, бир дона қора рангли целофан пакет парчаси ичида, уч дона алоҳида целлофан пакетларга ўралган, 9,25 грамм “марихуана”, 4,97 грамм “героин” ва 38,98 грамм “опий” гиёхвандлик моддалари борлиги аниқланиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 2021 йил 11 февраль куни Жиноят кодексининг 276-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.
Ҳозирда Ургут туман ИИБ тергов бўлими томонидан ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
9.03.2021