Аслида ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган, яширинча олиб кирилаётган мазкур маҳсулотларга ҳатто олиб келаётган шахснинг ўзи ҳам жавоб беролмайди. Сабаби, у ҳам арзон жойни топиб кўтарасига савдо қилган. Унга сотган шахснинг ҳам қўлида бу маҳсулотларга оид ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда Тошкент туманида тезкор тадбир бўлиб ўтди. "Ғишткўприк" божхона пости яқинидан кузатувга олинган “ВАЗ 2106” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада фуқаро И.Э. бошқарувидаги мазкур автоулов салони ва юкхонасида ҳужжатлари бўлмаган 11 турдаги товар-моддий бойликлари борлиги аниқланди. Шундан сўнг, қонунбузар фуқаро хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Маълум бўлишича, фуқаронинг уйида қайта сотиш мақсадида аввал олиб кирилган 10 турдаги ҳужжатларга эга бўлмаган 1258 дона – умумий қиймати 56 млн. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлари сақланаётганлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Учқаҳрамон ЙПХ маскани томон ҳаракатланаётган, Дамас русумли автоулов ҳам холислар иштирокида текширилди. Натижада хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, “ташимачи”лар ёрдамида олиб ўтилган 5 турдаги 480 дона озиқ-овқат маҳсулотларини Республика бозорига олиб кириш тўхтатиб қолинди. Маҳсулотларнинг умумий қиймати 24 млн. сўмни ташкил этди.
Шунингдек, тадбир давомида Ғишткўприк чегара постига яқин жойда фуқаро Р. Г. ва С. К. лар йўловчилар орқали бериб юборилган 26 турдаги – умумий қиймати 40 млн. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларини қайта сотиш мақсадида тўплаётган вақтида тегишли тартибда қўлга олинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
28.09.2018