Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Япония элчихонаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарликларида Ўзбекистоннинг ташқи алоқаларини биринчи галда айнан қўшни давлатлар билан яхшилашга, ўзаро дўстона ва яқин қўшничилик ришталарини тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка ташқи ҳамда ички таҳдидлар бўлишига йўл қўймасликка қаратилган сиёсат натижасида қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлик мустаҳкамланди.
Бу ҳамкорлик самараси ўлароқ, қўшни давлатлар билан бир неча йиллар давомида ёпиқ бўлган 10 га яқин чегара ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини қайта тиклади. Натижада, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар сони 2,5 баробарга ва автотранспорт воситалари сони деярли 4 баробарга ортди.
Бу ўз навбатида, чегара божхона постлари ва уларга туташ ҳудудлардаги инфратузилма объектларини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва назорат техник воситалари билан етарли миқдорда жиҳозлаш, тирбандликларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида уларнинг ўтказувчанлигини оширишни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда, чегара-божхона постлари авто ва темир йўл транспорт воситаларини сканер қилувчи юқори габаритли инспекцион-кўрик мажмуалари, инсон тана аъзоларини сканерловчи “Боди скан” мосламалари, замонавий рентген ускуналари, контрабанда ашёлари ҳамда қалбаки хорижий валюталарни аниқловчи турли восита ва детекторлар, радиацион портал мониторлар ва пейджерлар, тезкор-қидирув фаолияти махсус техник анжомлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу назорат техник воситаларнинг самарасини 2020 йилда 280 кг. гиёҳвандлик воситалари ва 247,6 минг дона психотроп таблеткаларни чегаралар орқали ноқонуний олиб ўтилишида тўхтатиб қолинганлигида кўриш мумкин. Бундан ташқари, халқаро почта жўнатмалари орқали катта миқдорларда янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситалари, “Сариосиё” божхона постида темир йўл вагонларига яширилган 170 кг. дан ортиқ героин, гашиш ва бошқа турдаги наркотик моддалар ҳамда жорий йилнинг 1 март куни “Айритом” чегара божхона постида парфюмерия товарлари ичига яширилган ҳолда 15 кг. дан ортиқ суюқ героин ва бошқа гиёҳвандлик моддасини олиб киришга уриниш аниқланди.
Мавжуд вазият Давлат божхона қўмитаси таркибида хорижий давлатлар божхона хизматларининг илғор тажрибаларига асосланган замонавий ахборот технологиялари ва имкониятлардан, шунингдек таҳлил усулларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида божхона объектларини кенг миқёсда масофадан туриб бошқаришни амалга оширадиган ихтисослаштирилган таркибий тузилма ташкил этиш заруратини юзага келтираётган эди.
Шу мақсадда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан 2020 йил 5 июлдаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармонга мувофиқ Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида махсус таркибий тузилма сифатида - Ситуацион марказ ташкил қилинди.
Марказ юқори малакали кадрлар, таҳлил ва истиқболни белгилаш йўналишида махсус тайёргарликдан ўтган офицерлар билан жамланди.
Шунингдек, жойларда божхона постларида амалга оширилаётган назорат билан боғлиқ барча жараёнларни таҳлил қилиб боришга мўлжалланган гуруҳлар ҳам марказлашган бошқарув тизимига, яъни Ситуацион марказга уланди.
Истиқболда мазкур Марказ божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишини рақамли технологияларни қўллаган ҳолда янги замонавий босқичга олиб чиқади ва трансчегаравий жиноятларга, айниқса, наркотикларнинг контрабандасига самарали тўсиқ бўлиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Давлат божхона қўмитасида Ситуацион марказ ташкил этиш ташаббуси БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан қўллаб –қувватланди ва бу борада ўзаро ҳамкорликка киришилди.
Тантанали очилиш маросимида Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов божхона органларини рақамлаштириш соҳасида, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, контрабанданинг олдини олиш ва аниқлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича сўз юритди.
Шундан сўнг, рамзий ленталар қирқилди ва Марказ тантанали равишда очилди.
Бу ерда божхона ходимлари турли маълумотларни марказлашган ҳолда йиғиш, умумлаштириш, қайта ишлаш, потенциал хавф ва таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек, олдиндан превентив чораларни ўз вақтида қабул қилиш ишларини амалга оширишади.
Шунингдек, чегара божхона постлари, шу жумладан, халқаро аэропортлардаги постларнинг фаолияти мониторинг қилинади ва мувофиқлаштирилади.
Ситуацион марказда чегара божхона постларида жорий қилинган икки йўлакли ("яшил" ва "қизил") тизим орқали ҳаракатланаётган фуқаролар, товарлар ва транспорт воситаларини олдиндан тақдим қилинган маълумотлар асосида назорат қилиш ва фильтрлаш имконияти мавжуд.
Бундан ташқари марказ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.
Марказ фаолиятига “Ситуацион марказ” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинади.
Мазкур тизим божхона органларининг ихтисослаштирилган маълумотлар базасини юритиш, катта ҳажмдаги ахборот маълумотларини таҳлил қилиш, вазиятларни геоахборот кўринишда тасвирлаш ва таҳлил қилиш, божхона объектларини масофадан мониторинг қилиб бориш ҳамда эҳтимолий вазиятларни моделлаштириш имконини беради.
3.03.2021