Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур ташкилотнинг ҳар бир таълим даргоҳи ва турли ташкилотларда фаолият юритиб келаётган ёш етакчилари ҳам айнан юқорида қайд этилган мақсадларни амалга ошириш йўлида жонбозлик кўрсатиб келишяпти.
Хусусан, куни кеча Бухоро вилояти божхона бошқармасида хизмат қилиб келаётган ёш ходимлар билан навбатдаги учрашув ташкил этилди. Унда бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга оширилиши замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассамлиги тўғрисида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, бошқарма ёшлар иттифоқи етакчисининг ёш ходимларга мурожаати тингланди. Ушбу мурожаатда бугунги кунда мамлакатимизда ёшларига яратилаётган имкониятлар, шароитлар ва имтиёзлар ҳақида сўз юритиш асносида, барча соҳалар сингари божхона тизимида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинаётганлиги борасида сўз юритилди. Шунингдек, ходимларнинг ана шундай яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишлари, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолмасликлари ҳамда коррупция, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этишларининг олдини олишга кўмакдош бўлиш ҳар бир божхоначининг вазифаси эканлиги таъкидланди.
Зеро, соҳа ходимлари ўртасида содир этилиши мумкин бўлган бу каби салбий иллатлар, ўз-ўзидан минглаб фидойи божхоначиларнинг ҳамда тизимнинг жамиятимиз ва халқимиз олдидаги обрўсига жиддий таъсир этиши табиий.
Юқорида қайд этилган салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган йиғинда Ёшлар иттифоқи етакчиси таклифига биноан, ёш ходимлар ўртасида “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” каби тадбирларда фаол иштирок этиш ва ватанимиз ва жамиятимизга садоқат билан хизмат қилишимиз зарурлигини таъкидлади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
28.09.2018