Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Дастлабки қарор қабул қилиш учун йиғим ставкаси 3 баробарга пасайтирилди
3991
Ҳозирда тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви жараёнида импорт қилинаётган товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича (ТИФ ТН) таснифланишида қатор қулайликлар жорий этилмоқда.

Жумладан, бу борадаги қонунчилик талаблари қайта кўриб чиқилиб, божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда. Хусусан, божхона органлари томонидан импорт қилинаётган товарларнинг ТИФ ТН кодларини белгилаш юзасидан дастлабки қарор қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Мазкур қулайликнинг аҳамияти ва афзалликларини товарлар импорти билан шуғулланувчи тадбиркорларга яқиндан етказиш мақсадида Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Водий” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида навбатдаги давра суҳбати ташкил қилинди.

Бошқарманинг Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси гуруҳи ходимлари ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда  дастлабки қарор қабул қилиш тартиботлари атрофлича тушунтирилди.

 Бунда импортёр жисмоний ёки юридик шахслар томонидан божхона органларига импорт қилинаётган товарнинг ТИФ ТН кодига аниқлик киритиб берилиши бўйича сўров билан мурожаат қилади.

Сўров божхона органига келиб тушган кундан эътиборан йигирма кун ичида кўриб чиқилади ва товарнинг ТИФ ТН коди бўйича дастлабки қарор қабул қилинади.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилинган кунидан эътиборан бир йил ичида амал қилади. Бу эса товарлар импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун жуда қулай. Яъни келгусида товар импорти жараёнида товарнинг ТИФ ТН коди бўйича ҳеч қандай муаммога дуч келинмайди ва божхона расмийлаштируви жараёнида улар учун қимматли бўлган вақт тежалади.

Яна бир янгилик – дастлабки қарор бўйича божхона йиғими ставкаси ҳам деярли уч баравар пасайтирилди. Дастлабки қарор қабул қилганлик учун ундириладиган божхона йиғими ставкаси илгари 50 еврони ташкил қилган бўлса, ҳозирда БҲМнинг 75 фоизи миқдорида йиғим ундирилмоқда.

Давра суҳбатида тадбиркорлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

2.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг