Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуни ва бошқа бир қатор қонун ости ҳужжатлари асосида ташкил этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши ва унинг таркибий тузилмалари фаолиятига муҳтарам юртбошимиз томонидан ишонч билдирилиб, катта эътибор қаратилмоқда.
Буларнинг натижаси ўлароқ божхона органларида сайланган касаба уюшмалари раислари томонидан ҳам ходимларни муаммоларини тинглаш, уларни ижтимоий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, иш берувчи томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилишини назорат қилиш ва ходимларнинг қонун билан белгиланган хақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Дам олиш масканларига йўлланмалар бериш, ходимларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб қўшимча пул маблағларини ажратиш, уларнинг оила аъзолари учун спорт-соғломлаштириш ва маданий тадбирларни ташкил этиб бориш шулар жумласидандир.
Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармаси касаба уюшмаси томонидан ана шундай амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисобини тинглаш, шунингдек, ушбу йўналишда келгусидаги режаларни тузиш мақсадида меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ташкил этилди.
Ушбу йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши вакили Р.Самарбеков, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Н.Исоқов, вилоят божхона бошқармаси касаба уюшмаси раиси Ш.Аблакулов ҳамда вилоят божхона бошқармасининг жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилувчи комиссия аъзоси И.Маноновлар сўзга чиқиб, йўналишлари бўйича маърузаларини ўқиб эшиттирдилар.
Шунингдек, Навоий вилояти божхона бошқармаси меҳнат жамоаси бир овоздан касаба уюшмаси томонидан амалга оширилган ишларни қониқарли деб топиб, касаба уюшмасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси лойиҳасини маъқулладилар.
1.03.2021