Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Афғонистон Ислом Республикаси тадбиркорлари билан учрашув бўлиб ўтди
1257
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида Сурхон воҳасига хорижий инвесторларни жалб этиш, уларга янада қулайликлар бериш учун Афғонистон Ислом Республикаси ҳамда Сурхондарё вилояти чегара олди ҳудудида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз халқаро савдо маркази” ташкил этилаётганлиги ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари учун қулай шароитлар яратади. Бу эса қўшни Афғонистон билан ташқи савдо ҳажмини ортишига ва икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамланишига олиб келади.

Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан афғон инвесторлари ва тадбиркорлари билан доимий сайёр учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, навбатдаги учрашув “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб ўтди. Унда божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Бердиев Афғонистонлик ТИФ қатнашчилари ва тадбиркорлик субъектларига хусусий тадбиркорлик ва инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, иқтисодиётимиз ривожидаги туб ислоҳотларга қисқача тўхталиб ўтиб, ушбу йўналишда муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан қабул қилинаётган қонунчилик базасининг шаклланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистонда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни  рағбатлантириш йўлидан изчил олға силжиш борасида кенг кўламдаги чора-тадбирлар комплекси амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Хусусан, жорий йилда вилоятда ўтган йилга нисбатан кўпроқ маҳсулотларни экспортга чиқариш режалаштирилганлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида, “Гунеш Агро Интер” МЧЖ раҳбари – Мухаммад Фаим, Ўзбекистонда 15 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлигини, Афғонистонда Ўзбекистон товарларига бўлган талаб йилдан йилга ошиб бораётганлигини таъкидлади. Шунингдек, олдинги вақтларда фақатгина Хитой, Эрон, Туркия, Покистон каби давлатлар товарлари Афғон бозорларида етакчи бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон товарлари ҳам улар билан рақобатлаша олаётганлигини билдирди. У фикрлари давомида Афғонистонда яхши инвестицияга эга бўлган тадбиркорлар кўп эканлигини, лекин улар Ўзбекистонга келиб қандай йўл-йўриқлар асосида иш ташкил қилиш маълумотига эга эмасликларини, шундан келиб чиқиб Ўзбекистонда хорижий инвесторларга дастлабки маслаҳат ва ёрдамни кўрсатадиган марказлар фаолияти йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Бундан ташқари, “Хаселат Навин” МЧЖ раҳбари - Хайдари Муборак Шох томонидан экспортга олиб чиқилаётган юклар бўйича намунавий ярмаркалар ташкил этиш таклифи билдирилди.

Вилоят божхона бошқармаси  бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Бердиев, ушбу таклиф ва фикрлар ўринли эканлигини, бошқарма томонидан амалий ишларни ташкил этиш учун вилоят ҳокимиятига тегишли таклиф киритилишини маълум қилди.

Қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтган тадбирда иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб  олдилар.

Сайёр учрашув якунида,  божхона соҳасига доир мурожаатлар юзасидан исталган вақтда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (76) 225 24-51 рақамли ишонч телефоларига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилди. Шунингдек, божхона органларининг интернетдаги “bojxona.uz” расмий веб-сайтидан ҳам зарур маълумотларни олиш имконияти мавжудлиги эслатиб ўтилди.

 

1.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг