Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона аудитини ўтказиш тартиби белгиланди
3338
Жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 101-сон қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 5 июндаги ПФ–6005-сон Фармони ижросини таъминлаш ва қуйидаги мақсадларни амалга ошириш доирасида мазкур қарор ишлаб чиқилган:

ташқи савдони ривожлантириш ва товарларнинг божхона расмийлаштирувини тезлаштириш;

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш;

хавфни бошқариш соҳасидаги божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини рағбатлантириш.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига мувофиқ, божхона аудитини ўтказишга оид низом тасдиқланди. Мазкур Низом 2021 йил 1 майдан эътиборан кучга киради.

Хусусан, “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом билан давлат божхона хизмати органлари томонидан товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона аудитини ўтказиш, божхона аудити тамойиллари ва усуллари, аудит объектларини танлаш усуллари ва механизми, божхона аудитини ўтказишдан аввал ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисини хабардор қилиш, божхона аудитини ўтказишдан аввал мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини белгилаш, божхона аудити натижаларидан келиб чиқиб, қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш тартиблари тасдиқланди.

Шунингдек, мазкур низомда божхона аудитини ўтказиш шакллари ва уларнинг хусусиятлари батафсил тушунтирилиб, божхона органи мансабдор шахсларининг, божхона аудитидан ўтказиладиган ваколатли шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда божхона аудитидан ўтказиладиган ваколатли шахслар Давлат божхона қўмитасининг “Bojxona auditi” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали танланиши белгилаб қўйилди.

Ушбу низом билан, божхона аудити - товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этилган ҳужжатларни молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар билан солиштирган ҳолда ўрганиш ва текширишга асосланган божхона назорати шакли эканлиги қайд этилган.

Божхона аудити ўтказиш тартиби жорий этилиши орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

божхона назорати ва расмийлаштируви билан боғлиқ тартиб-қоидалар бўйича ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шартлари халқаро стандартлардаги талабларга уйғунлашади (Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро Киото конвенциясининг 6.6-стандарти, Жаҳон савдо ташкилотининг 2014 йилдаги “Савдо тартиботларини соддалаштириш тўғрисида”ги битимининг 7.5-моддаси);

ҳалол ташқи савдо субъектларига нисбатан янада соддалаштирилган божхона тартиботларини самарали қўллаш орқали товарларни божхона назоратидан ўтказиш вақти ва харажатларини қисқаришига эришилади;

ҳалол ташқи савдо субъектларини янада рағбатлантириш мақсадида қўшимча имтиёз ва преференциялар берилиш мезонларига аниқлик киритишга кўмаклашади;

ТИФ иштирокчилари томонидан йўл қўйилган хатоликларни ўзлари мустақил аниқлашга олиб келиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигига хизмат қилади.

1.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг