Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
«Ўзбекистон-Қозоғистон» бизнес форуми бўлиб ўтди
2215
Сўнгги йилларда бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, айниқса, савдо-иқтисодий, туризм соҳасидаги алоқалар янгича кўлам касб этмоқда.
«Ўзбекистон-Қозоғистон» бизнес форуми бўлиб ўтди

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон Республикасининг Мангистау вилоятига Ўзбекистон Республикасидан юборилган делегация Урганч-Актау-Урганч йўналишидаги чартер рейси қатновини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилган эди.

Куни кеча рейс қатнови йўлга қўйилди ва унда рейснинг илк йўловчилари сифатида Мангистау вилояти ҳокими Ерали Тугжанов бошчилигида 148 кишидан иборат делегация амалий ташриф билан Хоразм вилоятига келди. Меҳмонларни Хоразм вилояти хокими вазифасини бажарувчи  Ф.Эрманов Урганч халқаро аэропортида тантанали кутиб олди. 

Бизнес форумда вилоят божхона бошқармаси, шаҳар ва туман ҳокимликлари хамда мутасадди ташкилот раҳбарлари, шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатаётган кўплаб ишлаб чиқарувчи корхоналар, фаолиятини кенгайтириш имкониятига эга тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда вилоят божхона бошқармаси соҳавий бўлимлари фаол иштирок этиб, божхона соҳасида яратилаётган имкониятлар ва соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга етказилди. Шунингдек, божхона соҳасига оид янги меъёрий ҳужжатлар, бошқарманинг манзили ва “Ишонч телефони” рақамлари акс эттирилган буклетлар ҳамда электрон визиткалар иштирокчиларга тарқатилди.

Бизнес-форум доирасида ҳар иккала вилоятнинг йирик корхона ва ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва бошқа келишувлар имзоланди.

Мангистау вилояти вакиллари Хива туманидаги “Хоразм балиқ агро”, Хонқа туманидаги “FEEDGRAN”, Шовот туманидаги “Катқалъатекс”, “UzTEX SHOVOT” масъулияти чекланган жамияти, ”GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиалида бўлиб ишлаб чиқариш жараёнлари, янги инновацион лойиҳалар билан танишдилар.

Шундан сўнг, делегация аъзолари Хивадаги “Нуруллабой” ва “Ичанқалъа” мажмуаларидаги тарихий ёдгорликларни, жумладан, Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини, Жума масжиди ҳамда бошқа тарихий обидаларни томоша қилдилар.

Ўйлаймизки, ташкил этилаётган бу каби бизнес форумлар ўз самарасини беради ва иқтисодиётимизни янада мустаҳкамловчи омиллардан бирига айланади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

28.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг