Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳодимлари томонидан Миллий гвардия ва ички ишлар идоралари ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги қонун бузилиш ҳолати фош этилди.
Олтинкўл туманида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирлиганида, унинг салони юкхонасида 19 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.
Шу куни тезкор тадбир давом эттирилиб, яна бир фуқаронинг яшаш хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилди. Натижада, бу ерда ҳам хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 500 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давомида ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинган мазкур дориларнинг умумий қиймати 103 млн. 800 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
26.02.2021