Қонунинг асосий мақсади давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган бўлиб, қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш божхона органларининг фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди.
Янги таҳрирдаги қонунни мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзига хос жиҳатлардан яна бири шундаки, ривожланган давлатларда инновацион метод сифатида эътироф этилган ва бизда ҳам амалиётда жорий қилинаётган хавфни бошқариш тизими ушбу лойиҳа билан ҳуқуқий асосга эга бўлмоқда. Янги нормаларга кўра, божхона органи ходими давлат органи вакили ҳисобланади ва давлат ҳимояси остида бўлади.
Қонунда ахборот-коммуникация технологияларини божхона назоратида кенг қўллаш, божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш божхона органларининг асосий вазифалари сифатида белгиланмоқда.
Қонун юзасидан музокараларда сенаторларнинг саволларига Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов жавоб берди.
Таъкидланганидек, қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда юқори профессионал маҳорат, ахлоқий ва маънавий сифатларга эга ёшларни божхона органларига жалб этишга йўналтирилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими яратилади.
Маълумки, амалиётда божхона ходимлари ҳам хизматга киришар экан, божхоначи қасамёдини қабул қилишади. Эндиликда ушбу анъана мазкур қонун доирасида қонунийлаштирилмоқда.
Шунингдек, Қонун божхона органларининг асосий вазифалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, божхона ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг соғлигини сақлаш, меҳнатига ҳақ тўлаш, уй-жой майдони билан таъминлаш, давлат пенсия таъминоти, давлат суғуртаси ва тиббий-ижтимоий таъминоти каби масалаларни ҳам қамраб олган.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
27.09.2018